Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.08.2018 19:30 Чоп этиш версияси

Ҳалол меҳнатнинг муносиб эътирофи

Ҳалол меҳнатнинг муносиб эътирофи
Истиқлол шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан турли жабҳаларда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак унвонлари – орден ва медаллар билан тақдирланмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил мазкур мукофотлар ўз эгаларига энг улуғ, энг азиз айём арафасида тантанали тарзда топширилмоқда. Бу эса мустақилликнинг қадрини янада теранроқ англашда, байрамга кўтаринки руҳ, қувончга қувонч қўшишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбек Миллий академик драма театрида Президентимизнинг 2018 йил 28 августдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони асосида юртимизнинг нуфузли унвон, орден ва медалларига муносиб топилган ҳамюртларимизга мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

7 (1).jpg

Миллий маданиятимиз ва санъатимиз, маънавият, маърифат, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига кўрсатилаётган эътибор ижодкор зиёлиларни янада фаолликка, ўз касбига садоқат, фидойилик билан ёндашишга чорламоқда.

Халқимиз Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 27 йиллик санасини кўтаринки кайфият билан тантана қилмоқда. Ишлаб чиқариш, илм-фан, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маънавият ва маърифат соҳаларида фидокорона фаолияти билан миллионлаб ҳамюртлармизга ўрнак бўлаётган ижодкор зиёлилар меҳнатининг эъзоз ва эътибор топаётгани инсон меҳнатини қадрлаш, юртдошларимизни янги-янги марралар сари руҳлантириш йўлидаги эзгу интилишнинг амалий намунасидир. Улар сафида турли соҳа, миллат ва элат вакиллари, ёшлар борлиги диққатга сазовордир. 

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ артисти, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Х.Лутфуллаев, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Л.Мўминова, “Усто” уюшмаси аъзоси, уста кулол, "Дўстлик" ордени соҳиби С.Иванов маънавий ҳаётимизни юксалтириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада равнақ топтириш, ижодкор зиёлиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлидаги чексиз ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

6 (1).jpg

– Буларнинг бари Президентимизнинг маънавиятга, маданият ва санъат, илм-фан, таълим ривожига кўрсатаётган эътиборининг ёрқин намунаси, – дейди Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби Ёдгор Саъдиев. – Наинки менинг фаолиятим, балки бутун театримиз, ижодий жамоа, саҳна фидойилари меҳнатига берилган энг холис баҳо шу орденда мужассамдир.

Тантанали тадбирда мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Х.Султонов топширди. 

Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
3 695