Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.08.2018 16:33 Чоп этиш версияси

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари Хитойга боради

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари Хитойга боради
Шу йилнинг август-сентябрь ойларида Қуролли Кучларимизда хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун Хитой Халқ Республикасига 10 кунлик маданий саёҳат уюштирилади.

Шу муносабат билан Қуролли Кучлари давлат музейида саёҳатга жўнатилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари, полковник А.Икрамов, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним, ҳарбийлар ва ота-оналар иштирок этган тадбирда мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонлик кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлган аскарлар хотирасини абадийлаштириш, оиласи, яқинларига ғамхўрлик кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар навқирон авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

12.JPG

Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Сирдарё туманидаги оддий деҳқон оиласида дунёга келган, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида шартнома асосида хизмат бурчини ўтаган, катта сержант Эломон Отажонов 2000 йилнинг 11 август куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлган жанговар ҳаракатларда душман ўқидан яраланиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 25 августдаги фармонига мувофиқ, ўлимидан кейин “Жасорат” медали билан мукофотланган.

Эломоннинг отаси Холмурод ака Отажонов кўп йиллар фермер бўлиб ишлади. Онаси Янглиш опа Отажонова мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб 30 йилдан зиёд меҳнат қилди ва айни чоғда улар нафақада. Отажоновлар Эломондан ташқари яна 2 ўғил, 2 қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Ҳозир 9 набиранинг бобо ва бувиси.

– Элимиз осойишталиги, юрт тинчлиги учун жон фидо қилган ўғлоннинг онаси экинимдан фахрланаман, – дея эслайди Янглиш опа Отажонова. – Ўғлимнинг жасоратини набираларимга гапиришдан асло чарчамайман. У ҳар доим юртига, оиласига муносиб инсон бўлишга интилиб, ҳалоллик, поклик, садоқат билан эл хизматида бўлди. Эломон учун ҳарбий хизмат, энг аввало, оила тинчлиги, турмуш фаровонлиги ва Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли касб намунаси эди. Мен бахтли онаман. Давлатмиз томонидан фарзандларимиз хотирасини абадийлаштириб, биз ота-оналарга мана шундай алоҳида эътибор кўрсатаётганидан эса хурсандмиз.

Тадбирда соҳа ходимлари барчани Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан табриклади. Уларга саёҳат сафарига оид турли маълумотлар ва эсдалик совғалари берилди.

А.Мусаев, О.Мирсоатов (сурат), ЎзА
4 804