Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 11:53 Чоп этиш версияси

Аълочи ўқувчилар стипендия ва махсус нишон билан тақдирлаб борилади

Фарзанд, ёшлар камолотида таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг пухта билим олиши, турли касб-ҳунарларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм олишга бўлган қизиқишини янада ошириш, ижобий рақобатни кучайтириш ва рағбатлантириш мақсадида тадбиркор Абдуҳалил Обидов томонидан ташкил этилган “Уста Ҳабибуллоҳ ота” ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш хайрия жамғармаси ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.

Жамғарма Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактабида таҳсил олаётган, намунали хулққа эга, ўқиш ва жамоат ишларида фаол 1-синфдан 10-синфгача бўлган 10 нафар ўқувчини ҳар ойда 25 минг сўм миқдоридаги ойлик стипендия ва махсус нишон билан тақдирлаб боради. Стипендия соҳиблари синф раҳбарларининг тавсиялари асосида мактабда тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади. Ўқув йили якунида эса энг кўп стипендия соҳиби бўлган, аълочи ўқувчи ноутбук соҳибига айланади.

– Келгусида стипендия миқдорини кўпайтириш, китоб мутолааси бўйича танловлар ўтказиш, кам таъминланган оилалар фарзандларига имкон қадар ёрдам кўрсатиш каби бир қатор ишларни амалга оширишни олдимизга мақсад қилганмиз, – дейди тадбиркор А.Обидов. – Бундан ташқари, мактабимизни тамомлаб, тўлов-контракт асосида ўқишга кирган кам таъминланган оилалар фарзандларига контракт тўловларини ўтказиб беришни ҳам режалаштирганмиз.

Халқимизнинг меҳр-мурувват, муҳтожларга кўмак беришдек азалий қадриятларини мужассам этган ушбу хайрли ташаббус шубҳасиз, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини оширади, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини юзага келтиради, янада юқори натижалар сари илҳомлантиради.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
9 941