ЎзА Ўзбек

15.04.2019 15:00 Чоп этиш версияси

Қаллибек Камолов: “Раҳбар ҳалол инсон бўлиши керак ва мен шунга амал қилдим”

Қаллибек Камолов: “Раҳбар ҳалол инсон бўлиши керак ва мен шунга амал қилдим”

Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикасини чорак аср давомида бошқарган меҳнат фаҳрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Қаллибек Камаловнинг ҳаёт йўли ва меҳнат фаолиятига бағишланган «Оқсоқол» ҳужатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Ўзбектелефильм» ва «Қорақалпоқфильм» ижодкорлари томонидан суратга олинган ушбу фильмнинг премьерасига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

–Жорий йил октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг автономия вилоят бўлиб ташкил қилинганига 95 йил тўлади. Ушбу давр мобайнида Қорақалпоғистонни кўп инсонлар бошқарди. Қаллибек Камаловнинг бошқарган йилларини алоҳида таъкидлаш жоиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Шарап Уснатдинов. – У 25 йил давомида Қорақалпоғистонни дунёга танитди. 60 йилларга келиб Қорақалпоғистон иқтисодиёти чўкиб қолган, Ўзбекистонда вилоятлар орасида барча кўрсаткичлар бўйича энг пастки ўринларни эгаллаган эди. Ана шундай қийин пайтда, аниқроғи 1963 йилда Қ.Камалов Қорақалпоғистоннинг биринчи раҳбари бўлиб келиб, 21 йил давомида фаолият кўрсатади.

У бошқарган дастлабки йилларданоқ Қорақалпоғистон иқтисодиёти кўтарила бошлайди. 1968 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб давлатга пахта топшириш режаси ортиғи билан, яъни 126 фоизга бажарилди. 1965 йилда Қорақалпоғистоннинг пахта етиштириш режаси 260 минг тонна этиб белгиланган бўлса, 1983 йилда бу кўрсаткич 435 минг тоннага етказилди ва Қорақалпоғистон республикадаги пахта етиштирадиган энг йирик ҳудудга айланди.

photo5300737762598693671.jpg

У 10 йил ичида Қорақалпоғистонни барча кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонда вилоятлар орасида олдинги ўринларга олиб чиқди. Шу хизматлари эвазига унга 1973 йилда Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони берилди.

1966 йилда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги оғир синовни бошдан кечирди. Амударёга сув келмай қолди. Дала майдонларини баҳорда суғориш учун сув танқислиги келиб чиқди. Шу йили техникалар ёрдамида Амударёни тўсиб, сув тўплайди. Ана шу тарзда 7 йил мобайнида ҳар мавсум сув йўлини бекитиб, сув тўплаш амалиётини жорий қилади. Лекин, бу ишлар жуда мураккаб жараён эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун гидроузел қуриш керак бўлди ва 1968 йилда унинг раҳбарлигида Тахиатош гидроузелининг тамал тоши қўйилди.

Ушбу қурилиш жуда катта маблағ ва вақт талаб қиладиган лойиҳа эди. Собиқ Иттифоқ Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобига кўра иншоот 11 йил давомида қурилиши керак эди. Лекин, Қ.Камаловнинг қатъий талабчанлиги ва сермаҳсул ҳаракатлари натижасида Тахиатош гидроузели 5 йил ичида қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди. Унинг бу ишларига шу пайтда Ўзбекистонни бошқариб турган инсон Шароф Рашидовнинг ёрдами беқиёс бўлди.

photo5301131452185946812.jpg

Айнан Шароф Рашидовнинг ўзи 37 ёшдаги Қаллибек Камаловга республикани бошқаришни ишониб топширган эди. Доно сиёсатчи ва давлат арбоби кадр танлашда адашмаган эди. Бундан кейин Қорақалпоғистонга темир йўл тортилди, Қорақалпоқ давлат университети ташкил қилинди, Нукус шаҳрида кўп қаватли уйлар қад ростлаб, замонавий шаҳарга айланди ва ҳоказо.

Қаллибек Камалов ҳозир 94 ёшда бўлса ҳам жамоат ишларида ҳамон фаол. Сермаҳсул ижодкор. Кейинги 3 йил ичида 6 китобини босмадан чиқарди. Маҳаллий ва марказий нашрларда йирик эътиборли публицистик асарлари чоп қилинмоқда. 

- 60 йилларда Қорақалпоғистон қолоқ ҳудудлардан бири эди, – деб эслайди «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Қаллибек Камалов. – Қорақалпоқларнинг адабиёти, тарихи, маданияти бўлгани билан қурилиши, саноати йўқ эди. Одамлар ер тўлада, етишмовчиликда, ночор аҳволда яшарди. Мен бутун умрим давомида халқим дедим, халқимнинг иқтисодий аҳволини яхшилашдек эзгу ният билан яшадим. Раҳбар инсон ҳалол бўлиши керак, мен шунга амал қилдим. Юртимнинг ободлигини ўйладим. 

Бизнинг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев элим деб, халқим деб тинмай меҳнат қилаётган инсон. Мен халқим ва Муҳтарам Президентимиздан узоқ йиллик хизматларим муносиб баҳоланганидан миннатдорман. 

Қаллибек Камалов ушбу кунларда юрагидаги энг улуғ орзуи – Орол денгизининг қайта тўлишини кўришни тинмай ўйлашини таъкидлади. Унга кўра, Собиқ Иттифоқ даврида бошланиб, ниҳоясига етмай қолган Сибир дарёларини Орол денгизига тортиш лойиҳасини қайта кўриб чиқиш зарур. У келажакда ушбу лойиҳанинг амалга ошишига умиди катта эканлигини маълум қилди. Мамлакатимиз раҳбари Россия, Қозоғистон давлатлари билан мустаҳкам дўстлик алоқасини ўрнатди. Келажакда ушбу дўстлик ришталари ривожланиб Сибирь (Обь ва Иртиш) дарёларининг 5 фоиз сувини Қозоғистон орқали Қизилқум саҳроси устидан Оролга олиб келиб қуйса, иқлим ҳам юмшаради, денгиз ҳам қайта қаддини ростлайди ва учта давлат ҳам бундан жуда катта фойда кўради. 

Қаллибек Камалов ҳақидаги «Оқсоқол» ҳужжатли фильми 3 қисмдан иборат бўлиб, «Ўзбекфильм» студияси режиссёри Абдувоҳид Ғаниев томонидан яратилган. Сценарий муаллифи – «Танка» фильми билан машҳур бўлган Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбай Низановдир. 

Фильм тақдимотидан кейин санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
5 091