ЎзА Ўзбек

15.05.2018 11:16 Чоп этиш версияси

Алла сеҳри

Алла сеҳри Андижонда “Онам айтган аллалар” республика фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Андижон вилояти маданият бошқармаси томонидан ёш оила соҳибаларига халқимизнинг қадим қадриятларидан бири – алла айтиш санъатини ўргатиш, алла тимсолида ўзбек онаси маънавиятининг юксак қирраларини кўрсатиш, алла билан боғлиқ урф-одат, анъана, маросимларни оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган “Онам айтган аллалар” фестивалининг вилоят босқичида 16 жамоа иштирок этди.

Қўрғонтепа туманининг “Бедона” фольклор-этнографик ансамбли ғолиб деб топилди ва фестивалнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Хўжаобод туманининг “Гулёр” ҳамда Улуғнор туманининг “Ёр-ёр” ансамбллари иккинчи, Балиқчи туманининг “Зилол” ҳамда Андижон туманининг “Эъзоз” бадиий жамоалари учинчи ўринни эгаллади.

– Жонли ижрода меҳр билан айтилган алланинг сеҳри, жозибаси ҳар қандай киши қалбини ром этади, – дейди “Бедона” фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Манзура Мўйдинова. – Фестивалда ғолиб бўлиш жамоамизга катта масъулият юклайди. Энди тадбирнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз.

Ғолиб ва совриндорлар фестиваль ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
5 793