ЎзА Ўзбек

06.08.2018 17:17 Чоп этиш версияси

Алижон ота Мамадиев: "Муаммоим Олий суд раисининг сайёр қабулида ҳал бўлди"

Алижон ота Мамадиев: "Муаммоим Олий суд раисининг сайёр қабулида ҳал бўлди"
Алижон ота нафақаси тўғри ҳисобланганига шубҳаланиб, пенсия жамғармасига мурожаат қилди. Аниқланишича, қўшни давлатда ишласа-да, унинг бир неча йиллик жамғармага қилган тўловлари инобатга олинмаган. Тортишувлардан натижа чиқмагач, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Фарғона туманидаги сайёр қабулига борди.

– Аввалига одамлардан эшитган хабарга ишонмадим. Ким-ким, Олий суд раиси қишлоғимизга биз билан учрашгани келса-я?! Гумонимнинг сабаби, шу ёшга кирибманки, биронта ҳуқуқий катта идора раҳбари туман, шаҳар ва қишлоқларга келиб халқ билан мулоқот қилгани ҳақида ҳатто эшитмагандим. Айтилган куни учрашув жойига борсам, оддийгина, бир одамни мамлакатнинг бош қозиси деб таништиришди. Очиқ чеҳра, хушмуомала, хуллас, ўзимизга ўхшаган инсон экан. Лекин ҳар биримизни сабр билан тинглар, кейин қонунчилик асосида муаммомиз ечимини тушунтирар эди. Барака топсин, биз баъзида ҳиссиётга берилиб, овозимизни кўтариб гапирсак, шошқалоқлик қилсак ҳам кулиб туриб жавоб берарди.

Раис менинг масалам ҳам суд орқали ҳал бўлишини айтди. Шундан сўнг аризам кўриб чиқилиб ҳуқуқим, ҳақим тикланди. Шундай инсонларни амалга тайинлаган, қишлоқларимизга юборган Президентимиз омон бўлсин, дея менга ўхшаган ўнлаб фуқаролар дуо қилдик, – деб ҳикоя қилади Алижон ота.

Суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

photo5422402959049861363.jpg

Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди, суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди, маъмурий судлар ташкил этилди, шунингдек, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилди. 

Барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани бу соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.

Соҳадаги барча ислоҳотлар бир нарсага – судларда очиқлик, адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Ўтган ойнинг сўнгги кунлари эса мамлакатимизда яна бир тарихий воқеа рўй берди. Биринчи марта судьялар корпуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти юзма-юз учрашди. Бу суд ҳокимияти тизимидаги ўзгаришлар тезлатилишида муҳим туртки бўлди.

Рақамлар тили билан айтсам, шу йилнинг олти ойида 411 фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Жамоат ташкилотлари кафиллигида 50 дан зиёд аёл, ёшлар суд залидан озод этилиб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Гарчи 30 фоиз суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш режалаштирилган бўлса-да, масалан Фарғона вилоятида бу рақам 50 фоиздан ошиб кетди. Бундай суд мажлисларида аҳоли нафақат ошкоралик, адолатли ҳукм гувоҳи бўлди, балки уларнинг тарбиявий аҳамияти ҳам қудратли воситага айланди. Сайёр суд мажлисини кузатган хонадон аъзолари кейин, оила даврасида муҳокама этиб тегишли хулосалар чиқарди. Бир ҳафта давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарлари Фарғона вилоятининг деярли барча туман-шаҳарларида аҳоли учун сайёр қабул ва учрашувлар ўтказди. Раис Козимжон Комилов билан эса олтита туманда шундай қабуллар ташкил этилди. Юзлаб одамлар ўзларини қийнаётган муаммоларига ечим, саволларига ҳақли жавоб топди.

Водиллик Алижон ота ҳақ гапни айтди. Одамларда одил судлов тизимига ишонч мустаҳкамланмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, журналист

ЎзА
7 144