Алия Юнусова: Қўпол қилмишлар карантин билан хаспўшланмаслиги керак
Карантин шароитида яшаш ҳеч кимга осон бўлаётгани йўқ. Аммо биз ҳар қандай шароитда ҳам зиммамиздаги бурч ва масъулиятни бажаришга масъулмиз.
Карантин шароитида яшаш ҳеч кимга осон бўлаётгани йўқ. Аммо биз ҳар қандай шароитда ҳам зиммамиздаги бурч ва масъулиятни бажаришга масъулмиз.
Жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилмаётган, қонунбузарликка йўл қўяётган шахсларни эса асло оқлаб бўлмайди.
Аммо шундай ҳолатлар содир бўляптики, қонунбузарлик экани кўриниб турибди, аммо... Аниқроғи, йўл қўйилаётган қилмишларга қонунда жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилган, бироқ уларга жазо тайинлашда фақат карантин қоидалари бузилиши нуқтаи назаридан ёндашилаётгани кузатилмоқда.
Узоққа бормай кейинги бир неча кунга назар солсак, фоҳишалик қилганлар ҳам, ёш болани таҳқирлаганлар ҳам карантин қоидалари билан боғлиқ меъёрларни бузган, деб топилди. Айниқса, ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирган икки ўсмирнинг ақли заиф бир болакайни тик чўктириб, уни таҳқирлангани акс этган видео бўйича ҳам шундай хулосага келинган.
Шу ҳақда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусованинг фикри билан қизиқдик:
- Ақли заиф болани тиз чўктириб, уни таҳқирлаган икки нафар ўсмирга берилган жазо мени ҳайрон қолдирди, — дейди Алия Юнусова. — Бундай ҳолатларда аслида жазо инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлиги учун белгиланиши керак. Бу вазиятда эса қонунбузарлик қилган ўсмирларнинг асосий қилмиши бир четда қолиб, улар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) учун ва 183-моддаси (майда безорилик) билан жазоланган. Бошқача айтганда, қўпол қилмиш карантин билан хаспўшланган. Ваҳоланки, бунга йўл қўйиш мумкин эмас. Қилмиш учун етарли жазо берилмаслиги ушбу ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади
Тўғри, биз болажон халқмиз. Бола нотўғри иш қилса, уни кечириш керак деб ҳисоблаймиз кўпинча. Аммо таҳқирланган, бунинг устига ёрдамга муҳтож бола-чи? Аслида у кўпроқ ҳимояга, шафқатга муҳтож эмасми?
Бу каби воқеалар доно халқимизнинг “қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақолини ҳам ёдга солади. Ҳали вояга етмай туриб шафқатсизлик қилишга жазм этган, бировнинг изза бўлишидан ҳузурланган болалар қандай муҳитда катта бўлгани кишини ўйлантиради. Чунки меҳр кўриб ўсган, тўғри тарбия олган бола бундай ишларни қилишга ҳеч қачон ботинмайди.
- Бир қарашда бизда бола ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ муносабатлар тўлақонли тартибга солингандек, — дейди А.Юнусова. — Аммо инсон ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқлари соҳаси шундай тизимки, давр ва вақт ўтган сари янги-янги ўзгаришлар, қўшимчалар киритилмаса, ҳуқуқни рўёбга чиқаришда муаммолар юзага келаверади.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда боланинг камситилишига йўл қўймаслик, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш каби чоралар белгиланган. Шу билан бирга, давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўриши шарт. Шу нуқтаи назардан бола ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кучайтириш билан бирга, бу ҳуқуқларни болаларга, ота-оналарга ҳам чуқурроқ тушунтириш зарурати бор.