ЎзА Ўзбек

14.08.2019 10:31 Чоп этиш версияси

Алишер Усмонов Россиянинг энг катта таъсирга эга мусулмонлари юзталигида 6-ўринда. Рўйхатда яна кимлар бор?

Алишер Усмонов Россиянинг энг катта таъсирга эга мусулмонлари юзталигида 6-ўринда. Рўйхатда яна кимлар бор?

Татаристоннинг “Бизнес Online” ишбилармонлик электрон нашри томонидан Россиянинг энг катта таъсирга эга мусулмонлари юзталиги эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Халқ сўзи”.

Уларнинг орасидан дин уламолари, давлат ва жамият арбоблари, бизнес ва спорт олами вакиллари ҳам жой олган. Ушбу рейтинг таниқли исломшунослар, олимлар ва бошқа нуфузли экспертлар фикрлари асосида тузилди.

Эътиборлиси, мазкур рўйхатдан асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ишбилармон Алишер Усмонов ҳам жой олди.

Биринчи ўрин Россия мусулмонлар диний бошқармаси президиуми раиси ва муфтийлар кенгаши раҳбари Равил Гайнутдинга, иккинчи ўрин Татаристоннинг биринчи президенти, айни пайтда давлат маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритаётган Минтимер Шаймиевга, учинчи ўрин эса доғистонлик аралаш турдаги яккакураш устаси, машҳур спортчи Хабиб Нурмагомедовга насиб этди. Бу борада Татаристоннинг амалдаги президенти Рустам Минниханов тўртинчи, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бешинчи, ҳамюртимиз, USM Holdings асосчиси ва бош акциядори Алишер Усмонов олтинчи бўлди.

Унда бошқалар қатори А.Усмоновнинг ҳам хайрия ишларига бош қўшаётгани, бундай эзгу юмушларда фаол эканлиги алоҳида эътироф этилган.

9fb10bc7bee145448af5ebf5b3134e5e0814.jpg

Хусусан, Forbes журналида 12 млрд. доллардан ортиқ бойлиги билан 9-поғонани эгаллаб турган Алишер Усмонов Татаристондаги Болгар ислом академиясига рекорд миқдорда хайрия маблағи бергани қайд этиб ўтилган. Қолаверса, Болгар шаҳрида жойлашган Оқ масжид қурилишига 250 млн.дан 650 млн. рублгача маблағ ажратган. Экспертлар миллиардер нафақат Россияда, балки бошқа мамлакатларда, жумладан, ўз ватани Ўзбекистонда ҳам ислом билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаб келаётгани алоҳида таъкидланган. Масалан, у Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази учун қиймати 8 млн. долларлик китоблар тўпламини совға қилди. Уларнинг орасидан Шарқ маданияти ва ислом дунёсининг Европага таъсири ҳақидаги асарнинг лотин, инглиз, француз ва немис тилларидаги таржимаси қаторида балки Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг лотин тилига ўгирилган илк нусхаси ўрин олган.

Маълумот учун, юқоридаги рейтингда Россия мусулмонлари марказий диний бошқармаси раиси Талгат Тожуддин(у Бухоро мадрасасини тамомлаган) еттинчи ўрин, Россия Федерация Кенгашининг Доғистондан аъзоси, миллиардер Сулейман Керимов саккизинчи ўрин, Москва шаҳар мэрининг шаҳарсозлик сиёсти ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Марат Хуснуллин тўққизинчи ўрин, исломшунос олим, Москва жомеъ масжиди имом-хатиби Шамил Аляутдинов ўнинчи ўринга муносиб деб топилган.

ЎзА
11 533