ЎзА Ўзбек

19.07.2018 20:29 Чоп этиш версияси

Алишер Шодмонов: дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимидаги ортиқча тўсиқларга барҳам берилади

Алишер Шодмонов: дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимидаги ортиқча тўсиқларга барҳам берилади Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан “Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда жорий йил 20 июндаги “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 152 фармацевтика корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган 2 минг 500 номга яқин дори-дармон амалиётда кенг қўлланилмоқда. Жорий йилда давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 914,6 миллиард сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва бошқа бирламчи тиббиёт муассасалари қошида 2200 дан ортиқ ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. 13 “Isuzu”, 100 та “Damas” русумли машина кўчма дорихоналар олис ва тоғли ҳудудларда яшайдиган аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Айни пайтда фармацевтика саноатига ихтисослашган “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” каби эркин иқтисодий зоналари (ЭИЗ) рўйхатга олинган бўлиб, ушбу ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 518,9 гектар ер майдони танлаб олинди. Мазкур эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 1 триллион 361,1 миллиард сўмга тенг 30 лойиҳа амалга оширилиши ва бунинг натижасида 1 минг 903 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Ҳозир ЭИЗлар ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 400 миллиард сўмга яқин маблағлар ўзлаштирилди. Жумладан, йирик лойиҳалардан “Сирдарё” ЭИЗда “Sirdaryo Universal Oyna” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 360 миллиард сўмга тенг “Фармацевтика шиша идишлари ишлаб чиқариш” ва “Pharma Plast Holding” масъулияти чекланган жамияти томонидан 25 миллиард сўмлик “Тиббиётда бир марталик ишлатиладиган флаконлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳалари ишга туширилган.

Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити сабабли, хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган инвестициялар улуши ортмоқда. Ҳозирги кунда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 миллион АҚШ долларига тенг 9 инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 87,32 миллион АҚШ долларини чет эл инвестициялари ташкил этади. Ушбу инвестициялар, асосан, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва Туркия инвесторлар. томонидан киритилмоқда.

– 2018 йил 1 августдан бошлаб, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби жорий этилади, – деди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. – Бу эса дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимидаги ортиқча тўсиқларга барҳам беради. Давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади. Бунинг натижасида сифатсиз воситаларнинг мамлакатимизга кириб келиши олди олинади.

Анжуманда журналистлар қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Даврон Суннатов, ЎзА
7 068