ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Алишер ШОДМОНОВ: 1-сонли Республика клиник шифохонаси ёпилмайди

Алишер ШОДМОНОВ: 1-сонли Республика клиник шифохонаси ёпилмайди

Ижтимоий тармоқларда мазкур шифохонанинг келажак тақдири билан боғлиқ асоссиз маълумотлар тарқалаётгани кишини ажаблантиради. Эмишки, шифохона ёпилади, бошқа жойга кўчирилади. Ишончсиз манбаларнинг айтган гапларига таянган ҳолда берилган ахборотнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга мурожаат қилдик.

– Ижтимоий тармоқларда берилаётган ушбу маълумотлар умуман асоссиз, – деди А.Шодмонов. – Шифохона ўз мақомида, ўз жойида тўлиқ қувватда фаолият олиб бормоқда. Барча бўлимлари белгиланган тартибда тиббий хизмат кўрсатмоқда. Унинг ёпилиши, бошқа жойга кўчириш бўйича бизга ҳеч қандай топшириқ бўлгани йўқ. 1-сонли Республика клиник шифохонаси бундан кейин ҳам ўз йўналишида фаолиятини давом эттиради.

Шифохонада 15 йўналишда, яъни 8 терапевтик, 7 хирургик (режали, шошилинч) касалликлар даволанади. Унда фаолият кўрсатаётган 124 шифокорнинг 2 нафари фан доктори, 11 нафари фан номзоди, 46 нафари олий тоифали, 7 нафари биринчи тоифали ва 22 нафари иккинчи тоифали мутахассислардир.

Тиббиёт муассасаси ходимлари Россиянинг етакчи клиникаларида малака ошириб келди. Ҳозирги кунда мутахассисларни Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея ва Россияга малака оширишга юбориш режалаштирилган.

Сўнгги икки йилда шифохонада Россия, Корея ва Польшадан юқори малакали олимлар таклиф қилиниб, улар билан ҳамкорликда 24 беморда 3 турдаги мураккаб операциялар амалга оширилди.

Клиника Литванинг Каунас республика шифохонаси, Жанубий Кореянинг Ёнсе университети ва Ҳиндистоннинг Меданта клиникалари билан ҳамкорлик меморандумини тузган. Жанубий Кореянинг “Шарм” ихтисослаштирилган клиникаси билан шифохонанинг травматология ортопедия ва лаборатория бўлимларида давлат-хусусий шериклик шартларида ҳамкорлик қилиш буйича ишлар муҳокама қилинмоқда.

Шифохонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳам бир қатор ишлар режалаштирилган. Жумладан, мутахассисларни чет эл клиникаларида ўрта ва узоқ муддатли малака ошириши буйича ишларни давом эттириш, бир қатор бўлимларда жорий таъмирлаш ишларини якунлаш, замонавий тиббий жиҳозлар харид қилиш, замонавий даволаш-диагностика стандартлари асосида кам инвазив эндохирургик амалиётларни татбиқ этиш каби ишлар шулар сирасига киради. Шунингдек, шифохонада қон томир ва кардиохирургия бўлимларини ташкил этиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда.

5 592
Хуршид ҚОДИРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА