ЎзА Ўзбек

26.07.2018 10:34 Чоп этиш версияси

Алишер Шодмонов “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори билан муҳим келишувга эришди

Алишер Шодмонов “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори билан муҳим келишувга эришди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори Валерий Шевчуква, Беларусь Республикасининг нуфузли фармацевт мутахассислари билан учрашди.

Маълумки, онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Бундай беморларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс.

photo5388906036661954963.jpg

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Белфармпром” холдинг компанияси билан ҳамкорлиги ана шундай долзарб тиббий-ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, инсон саломатлигини асраш ва тиббиёт ривожи йўлида муҳим қадам бўлди.

Айтиш жоизки, “Белфармпром” жаҳон фармацевтика саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур холдинг компания таркибидаги корхоналар ўз маҳсулотини дунёнинг ўттиздан зиёд давлатига экспорт қилмоқда. Эндиликда мазкур компания билан ҳамкорликда юртимизда онкологияда қўлланиладиган замонавий тиббий препаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Ўзаро мулоқотларда беларуслик мутахассислар мамлакатимиз қимматли табиий хомашё базасига бойлиги ҳамда тармоқлараро саноат кооперацияси яхши йўлга қўйилгани хорижий инвесторлар учун жуда катта қулайлик яратишини таъкидладилар.

Яна бир муҳим лойиҳа – гемодиализ буюмлари ва сарфлаш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги келишув бўлди. Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, буйрак хасталигига чалинган беморлар ҳаётини асрашда бу усул муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда мамлакатимизда бу хизмат йўлга қўйилган ва замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириляпти.

Учрашувда шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга қаратилган икки томонлама шартномалар имзоланишига ҳам келишиб олинди.

Делегация аъзолари “Азия Трейд”фармацевтика корхонаси ва “Зомин-фарм”эркин иқтисодий зоналарига ташриф буюриб, юртимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар билан бевосита танишадилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати

ЎзА
5 073