ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Алишер Навоийнинг ўлимига ким ва нима сабаб бўлган ёхуд журъатсиз “лофчи”нинг қилмиши

Алишер Навоийнинг ўлимига ким ва нима сабаб бўлган ёхуд журъатсиз “лофчи”нинг қилмиши

Алишер Навоийнинг аждодлари узоқ йиллар темурийлар саройида юқори лавозимларда хизмат қилган. Унинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Абулқосим Бобурнинг сарой амалдорларидан, кейинчалик эса Сабзавор шаҳри ҳокими ҳам бўлган. Бу ҳолат ака-укалар – Бахлулбек, Алишер ва Дарвешалиларнинг шаҳзодалар билан бирга ўсишига сабаб бўлди.

Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон тахтини эгаллашидан кейин Бахлулбек Хуросонга қарашли бўлган Хоразмнинг, Дарвешали Балхнинг ҳокими бўлди. Алишер Навоий эса муҳрдорликдан бош вазиргача бўлган юқори лавозимларда фаолият кўрсатди. 

Бироқ, барча даврларда бўлганидек, саройдаги сиёсий ўйинлар, фитна ва низолар туфайли баъзида ҳукмдор билан келишмовчиликлар, дил хираликлар ҳам бўлиб турган. 
Гарчи Навоий бутун умрини ижодга бағишласа-да, шу сабаб давлат лавозимларидан бир неча марта истеъфо берса-да, Ҳусайн билан болаликдан дўстлиги уни салтанатдан узоққа кетишига йўл қўймас эди. Вақт ўтиб, Ҳусайн салтанатида Навоийнинг руҳи ва қалбини ларзага солувчи, юрагини ўртовчи воқеалар авж олди. 

Дастлаб, 1497 йил Навоийнинг севимли шаҳзодаларидан бири, султоннинг набираси Мўмин Мирзо ўз бобосининг фармони билан қатл этилди, шоирнинг ўз фарзандидек қадрли бўлган жияни Ҳайдарбек 1499 йил давлатдан норози кайфиятдаги шахс сифатида ўлдирилди, укаси Дарвешали давлатга хоинликда айбланиб, Балх ҳокимлигидан бўшатилди. 
Шунингдек, бош малика Хадичабегимнинг турли фитна ва иғволари туфайли салтанатда ўзаро низоларнинг кучайиши сингари воқеалар 1500 йилга келиб Алишер Навоийнинг юрак, қон-томир тизими билан боғлиқ хасталигининг кучайишига олиб келди.
photo5417915147722271797.jpg
1500 йилнинг декабрида Султон Ҳусайн исён кўтарган ўғли Муҳаммад Мирзо билан ярашиб, Ҳиротга қайтаётганида, уни кутиб олувчиларга бош бўлиб Навоийнинг ўзи йўлга чиқади. 

Кўришиш маросимида шоир ҳушидан кетади ва султон уни ўз шоҳона маҳофаси (ётиб кетиш ҳам мумкин бўлган кажава)да тезлик билан шаҳарга элтиш ҳамда зарур муолажалар қилинишини буюради. Навоийнинг ташқи кўриниши ва томир уришида сакта (инсульт, мияга қон қуйилиши) аломатлари мавжуд эди. 

Бунинг давоси (ёки биринчи ёрдам) эса қон олиш бўлган. Бу воқеаларнинг бевосита иштирокчиси, Навоийнинг севимли шогирди, тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, шоирнинг хасталигида сакта аломатлари борлигини шу ердаги табиблар ва ҳатто, Хуросоннинг бош табиби Абдулхай Туний ҳам пайқаган. 
Табиблар Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро ҳузурида мутасаддилар ва бош табибга Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида сактага чалинганлардан биринчи навбатда қон олиш зарурлиги ҳақида маълумот келтирилганлигини уқтиришган. Лекин бош табиб бунга амал қилмаган. 

Бу ҳақда Хондамир шундай ёзади: “... табобат илмидан хабардор бир гуруҳ кишилар “касаллик соғайиши учун шу ердаёқ бемордан қон олиш лозим”, дейишди. Аммо табобатдан лоф-қоф уриб юрувчи мавлоно Абдулҳай Туний (Хондамир Навоийнинг ўлимида мазкур бош табибни айблайди ва унга нисбатан “лоф урувчи табиб” иборасини ишлатади) буларга қарши туриб “даволашда хато рўй бермаслиги учун Ҳиротда табиблар йиғилгач, кейин муолажани бошлаш керак”, дея туриб олди. 
Ҳазрат султоннинг яқин кишисини (Навоийни) маҳофага ётқизиб, йўл сари юзланаётган пайтда Амир Алишернинг неъматлари денгизига ғарқ бўлган бу давлатхоҳ банда (Хондамир ўзини айтмоқда) ташвишга тушиб, “касаллик зўрлиги шу даражадаки, агар қон олиш ишида кечикиш юз берса, сўнг бу хатони тузатиб бўлмайди”, дедим. Хожа Абдулло жаноблари (Ҳусайн Навоийни Ҳиротга олиб боришга жавобгар этиб белгилаган амалдор) иккиланиб қолиб, мансур хоқон олдига бир чопар юборди. 

Ҳазрат эса “бемор томиридан ўша ердаёқ дарҳол қон олинсин”, дея буюрди. Аммо чопар қайтиб келгунича ва қон олувчини топгунича уч фарсах (18-20 км.) масофани босиб ўтгани боисидан фурсат қўлдан берилиб, шу сабабли қортиқ (қон олишда ишлатиладиган нина) қўйиб қон олинганида, беш-олти сер (350-400 гр)дан кўп қон чиқмади. Уйга элтишгач, табиблар яна бир марта қон олмоқчи бўлдилар. Аммо иш қўлдан чиққани учун бирор фойда бермади”. 
Мана шу касаллик сабаб Алишер Навоий 1501 йилнинг 3 январь тонгида, 60 ёшга тўлиш арафасида вафот этди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Хуросондек улкан давлатнинг бош табиби бўлиш даражасига эришган Абдулҳай Туний фаолияти давомида юзлаб беморларни, шу жумладан, инсультга чалинганларни ҳам даволаган, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”ни ҳам ўқиган. 

Лекин бош табибнинг бемордан зудлик билан қон олмаслигига сабаб Султон Ҳусайннинг энг яқин кишиси, буюк мутафаккир, улуғ шоирнинг ҳаёти борасида таваккал қилишдан қўрққанлиги, бундан ташқари, султондан ўз вақтида махсус кўрсатма бўлмаганлигидан, журъатсизлик қилгани бўлди. 
Агар бемор Навоий даражасидаги шахс бўлмаганда ва унда сакта (инсульт) аломатлари сезилганда, у сарой табиблари ҳузурига олиб борилиб тиббий кенгашда муҳокама қилинмасдан дарҳол қон олиниб, тегишли муолажа қилиниши мумкин эди. 
Шунинг учун ҳам ҳукмдорлар ва уларга яқин кишилар оғир дардга чалинганда бирор табиб масъулиятни ўз зиммасига олиши ниҳоятда мушкул вазифа эди. Алишер Навоий эса, таъбир жоиз бўлса, ҳукмдорлардан ҳам юқори мавқедаги шахс бўлиб, унинг соғлиги борасида ҳатто, бош табиб ҳам таваккал қила олмас эди.


Акбар ЗАМОНОВ, 
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Зиёда МАМАЖОНОВА,
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 49-мактаб ўқитувчиси


4 442
ЎзА