Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2018 17:02 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги нохуш ҳолатлар бартараф этилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги нохуш ҳолатлар бартараф этилди
ЎзАда танқид қилингач

Сайтимизда 2017 йилнинг 25 декабрь куни “Театр гардеробдан бошланади. Кутубхона-чи?” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Яқинда «Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекцияси директори А.Ғафуров имзоси билан жавоб хати олинди. Қуйида ушбу мақола ҳамда унга йўлланган жавоб хати келтирилмоқда.

Театр гардеробдан бошланади. Кутубхона-чи?

Ҳар доимгидек иштиёқ билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига отландим. Кўпчилик учун севимли бўлган бу жойда барча шароитлар етарли, ёруғ, истаган китобингизни топишингиз мумкин. Аммо... 

Одатдагидек, кутубхона гардеробига яқинлашганда ҳамманинг юраги безиллайди. Ё навбат кутишдан чарчайсиз, ё гардероб ходимининг муомаласидан жаҳлингиз чиқади. Китоб мутолаасига бўлган иштиёқ кишини икки қадам олдинга етакласа, бу каби ҳолатлар бир қадам орқага тортади. Бу сафар ҳам вазият ўша-ўша. Охир-оқибат мен қатори навбатда турган ўрта ёшлардаги аёлнинг ҳам сабри тугади шекилли, "Синглим шеригингиз ҳам ёрдам берса, бўларкан", деганини билади, гардероб ходимидан “яхшигина” жавоб олди. 

– Овқатланяпти! – деди зарда билан. 

– Ҳа, майли-куя! Лекин бу ерда шунча одам кутиб турибди. Навбатчилик қилиб қўйсаларинг бўлар экан-да, унда. 

– Келинг, ўзингиз кириб қўя қолинг, сиз билан “смена алмашамиз”, 370 минг ойликка ишла-а-аб юрасиз… 

Гардероб ходими ва ҳалиги аёл ўртасидаги сўз “жанги” анча давом этиши билан бирга жуда “бежирим” сўзларга ҳам “бой бўлди”. Қолган навбатда турганлар ҳам баттар бўлмасин, деб ортиқча аралашишмади. Роса қирқ дақиқа деганда, аранг кийимларимни топширдим. Бир томондан китобхонларнинг кўплигидан қувонсанг, бир томондан гардероб ходимларининг ҳар галги “муомала”сидан таъбинг тирриқ бўлади. 

Вазиятни кузатар эканман, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг “Тафаккур” журналида эълон қилинган “Тўғри силжитмоқ азми” номли суҳбатидаги қуйидаги фикрлари ёдимга тушди: "Театр гардеробдан бошланади" деган нақлни биласизми? Аслида театр ундан ҳам олдин чиптахонадан бошланади. Чипта сотувчининг муомаласиданоқ спектаклга “ташхис” қўйса бўлади. Эътибор берганмисиз, театр фаррошларининг челагига кигиз ўралган бўлади. Расми шундай: тиқ этган товуш чиқмаслиги керак. Қай бирини айтай, театрнинг ўз арконлари, тартиб-қоидалари бор. Шулардан бирортасини буздингизми, тамом, кейин “Нега спектаклларга одам келмаяпти?”, деб калаванинг учини тополмай юраверасиз". 

Кутубхона-чи? Бу жой ундан ҳам муқаддас даргоҳ-ку. У ердаги бу каби муомала маданияти, бундан келиб чиқадиган ноқулайликлар, албатта, китобхонларга таъсир қилмай қолмайди. Шу каби қаттиқ назоратни ўрнатиб қўйиб, кутубхонага киришдаги бу каби муомалани “яратиб” қўямиз-да, “калаванинг учини тополмай юраверамиз”. 

Ёшлар китоб ўқимаяпти, деб танқид қиладиганларга эса кутубхонага бориб, вазиятга ўзлари баҳо беришларини тавсия қилган бўлардим. Кутубхонага келувчилар чунонан кўпки, ҳар гал базўр бўш жой топиб ўтираман. 

Тўғри хавфсизлик яхши, лекин эшикнинг олдидаёқ жуда кўп ушланиб қолиш ҳам фойдаланувчилар дилини сиёҳ қилади. Доимий тиқилинч вазиятнинг олдини олиш учун гардеробни кенгайтириб, ишчи ходимлар сони оширилса, киришда қандайдир осонроқ режим ўрнатилса, фойдаланувчилар учун янада қулайликлар яратилармиди? Кутубхонага келган фойдаланувчи илм олишдан бошқа нарсалар учун ортиқча вақт ажратишга мажбур қилинмасмиди шунда.

Мақолага йўлланган жавоб хати

«Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги №302-сонли қарорига биноан ташкил этилган. Мазкур қарорга асосан дирекциянинг асосий вазифасига қуйидагилар белгиланган:

- белгиланган меъёрлар ва стандартларга мувофиқ «Маърифат маркази» биносидан самарали фойдаланиш ҳамда бинонинг инфратузилмаси, унга туташ ҳудудни ободонлаштириш ва тозалигини талаб даражасида сақлаш;

- бинони сақлашнинг мураккаб технологик асбоб-ускуналари, ахборот ва муҳандислик-коммуникация тизимларининг зарур тарзда ишлашини таъминлаш, фойдаланаётган машиналар, механизмлар ва иншоотларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатишдан иборат.

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ҳамда манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг белгиланган талабларига риоя этиб «Маърифат маркази» биносида халқаро симпозиумлар, конгресслар ва конференциялар ўтказилишига кўмаклашиш.

Шу билан бирга “Маърифат маркази” биносида жойлашган А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятига хизмат кўрсатиш белгиланган.

А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташриф буюрувчиларга йил давомида ўз кийим-бошлари ва шахсий буюмларини сақлаш мақсадида лойиҳа бўйича 1000 та кийим илиш учун мўлжалланган жой (гардероб) ташкил этилган. Дирекциянинг штат жадвалига асосан кийим илувчи ходим лавозимининг сони 2 тадан иборат.

Кийим илиш хонаси ходимлари дирекция раҳбарияти томонидан тасдиқланган «Лавозим йўриқномаси»га биноан соат эрталаб 8.30 дан 20.00 га қадар иш ташкил этади. Кийим илувчи ходимлар барча ташриф буюрган фуқароларни устки кийим бошлари ва сумкаларини сақлаш учун олиб қоладилар. Пул, мобил алоқа воситалари ва қимматбаҳо буюмларни ўзлари билан олиб кетиши бўйича огоҳлантирадилар. Бугунги кунда кутубхонага ташриф буюрувчиларнинг сони бир кунда 2500 тани ташкил этиб, гардеробнинг сиғимидан ошиб кетмоқда. Бу эса ўз навбатида нохуш вазиятларга олиб келмоқда.

Мақолада кўрсатиб ўтилган вазият юзасидан дирекция хўжалик бўлими хизмат кўрсатувчи ходимлари иштирокида 2017 йил 27 декабрь куни тезкор мажлис йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда келгусида нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз огоҳ бўлишлари, бинога ташриф буюрган фуқароларга хушмуомала бўлиши, уларга юклатилган барча вазифаларни сидқидилдан бажаришлари ҳамда меҳнат тартиб интизомига амал қилишлари таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, иш унумдорлигини ошириш мақсадида дирекция штат жадвалига қўшимча 2 та кийим илувчи лавозими киритилиши бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат этиш белгиланди.

А.Ғафуров,
«Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва туташ ҳудудга хизмат 
кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекцияси директори 

ЎзА
15 018