ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий мадрасаи олияда таълим олганми?

Алишер Навоий мадрасаи олияда таълим олганми?


Асрлар давомида жаҳон тамаддунининг сайқали бўлиб келган кўҳна Самарқанд барча даврлар учун илм-маърифат бешиги бўлиб келган.

Айниқса, Самарқанд Давлат университетининг тарихий илдизлари Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олияга боғланиши илмий жиҳатдан асосланган бугунги кунларда мазкур илмий тараққиёт жараёнида анъана ва ворисийлик тамойилларини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, ёшлигида бир муддат Самарқандда яшаб таъбини камолга етказган Мир Алишер Навоийнинг Самарқанд илмий муҳити ва унинг намояндаларига бўлган муносабатини ўрганиш орқали мазкур масалага ойдинлик киритиш мумкин.

Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси Самарқанд илмий ва адабий муҳити ҳақида қимматли маълумотлар берувчи мўътабар манбалардан ҳисобланади. Ушбу тазкирадаги деярли ҳар бир боб-мажлисида самарқандлик ижодкорлар ҳақида маълумот берилган. Тазкиранинг биринчи мажлиси умри охирида Самарқандга келиб, Мирзо Улуғбекдан илтифотлар кўрган Сайид Қосим Анвор зикридан бошлангани, олтинчи мажлисда эса дастлаб Самарқанд ҳокими ва Навоийнинг ҳомийси бўлган Аҳмад Ҳожибек ҳақида маълумот берилгани буюк мутафаккирнинг мазкур шаҳардаги илмий ва адабий муҳитга бўлган чексиз эҳтироми ва эътирофини кўрсатади.

Таърифланишича, Аҳмад Ҳожибек фозил ва шоиртаъб ҳукмдор бўлиб, “Вафоий” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Адабиётшунос олим академик Ботирхон Валихўжаев мадрасаи олиялар тарихининг тадқиқотчиси сифатида Аҳмад Ҳожибекни XV асрнинг иккинчи ярмида мадраса қурдиргани ва Алишер Навоий Самарқандга келган пайтларида мадраса фаолиятда бўлгани, ҳамда Алишер Навоий Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонасини ҳам бориб кўргани хусусидаги маълумотларни ҳавола этадилар. Таъкидлаш ўринлики, шоир эъзозлаган мадраса мударрислари ва толиби илмлари хусусида ҳам тазкирасида ҳам бисёр таассуротлар келтирилган.

Тазкирада Мирзо Улуғбек замонида яшаб ижод қилган Сайид Қосим Анвор, Мавлоно Муҳаммад Олим, Мавлоно Бадахший, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий, Мавлоно Саккокий каби ижодкорлар ҳақида маълумот берилган. Самарқандда Навоий ўша даврнинг аллома билимдонлари илм-фан, жамият арбоблари, араб тили, дунёвий ва ботиний илмларни чуқур эгаллаган олимлар билан замондош ва сабоқдош бўлган. Бу ижодкорларнинг бошқа даврдаги шоирлардан фарқли жиҳатларидан бири – илмий фаолият билан бадиий ижодни баравар олиб боришган. Жумладан, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий Самарқандий фиқҳ илмида Имом Аъзам, араб тили грамматикаси бўйича Ибн Ҳожибга тенг даражада эътироф этилса-да, шеъриятга ошно ва ошуфта инсон сифатида таърифланади. Тазкирада Хожа Фазлуллоҳ Мирзо Улуғбек мадрасасининг бош мударриси – Мир Сайид Шариф Журжонийнинг бевосита шогирди экани ҳақида маълумот берилган. Навоийнинг кўпроқ вақти ўша даврнинг “аъломул уламоси” (олимлар олими) Абу Лайс Фазлуллоҳ мадрасасида ва унинг бой кутубхонасида ўтган. Ушбу далилга асосланиб, Алишер Навоийни ҳам Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олиянинг толиби илми сифатида таърифлашга тўлақонли асосимиз бор.

Тазкирада берилган маълумотларга кўра, Самарқандда тошкентлик Мавлоно Улойи Шоший, қаршилик Мавлоно Мир Қарший, андхудлик (ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги шаҳар) Мавлоно Тархоний, андижонлик Мавлоно Юсуф Бадиий, ҳиротлик Мирзобек, паркентлик Мавлоно Ориф Фаркатий каби ижодкорлар илм олишга келиб, ўша ерда умргузаронлик қилишган. Маълум бўладики, бу даврда ҳам Самарқанд минтақанинг илм-маърифат пойтахти ҳисобланган.

Самарқанд адабий муҳитининг яна бир хусусияти шундан иборат бўлганки, бу шаҳарда араб, форс-тожик ва ўзбек тилида ижод билан шуғулланиш учун тенг имконият яратиб берилган. Жумладан, Саккокий, Ҳаримий Қаландар, Мавлоно Тархоний, Мавлоно Носириддин, Султон Али Мирзо каби ижодкорлар икки тилда баб-баравар ижод қилиб, Самарқандда зуллисонайнлик муҳитини яратишга ҳисса қўшганлар.

“Мажолис ун-нафоис”да Мирзо Улуғбек мадрасасига тааллуқли қизиқарли яна бир факт эътиборимизни ўзига жалб этди: Навоий ўз замондоши – Хожа Хурд ҳақида маълумот бераркан, Мовароуннаҳрдаги Темурийлар мамлакатининг бош қозиси ҳамда Мирзо Улуғбек мадрасасининг мударриси эканини таъкидлаб ўтади. Маълум бўладики, Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси XV асрнинг охирида ҳам минтақанинг энг нуфузли олий таълим даргоҳи ҳисобланган.

Кўринадики, Алишер Навоийнинг илмий-маънавий камолотга етишида Самарқандда олган билимлари ҳам асосий ўрин тутади. Ҳазрат Самарқандда нақшбандия тариқатининг пешвоси Хожа Убайдуллоҳ - Хожа Аҳрори Валий суҳбатларидан баҳраманд бўлди. Навоий Самарқандга келишидан кўзлаган мақсади – илму-ирфонга шоир тили билан айтганда “Муршидул офоқ” – Хожа Аҳрори Валий раҳнамоликларида муяссар бўлди.

Тенги йўқ ижодкор, шеърият аҳлининг буюк ҳомийси Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси ўзбек тазкирачилигининг асоси бўлиб, ҳозирги давргача бу асар ўз қадр-қимматини йўқотганича йўқ. Зеро замондошларигагина эмас, кўпроқ келажак авлодларга етказилиши кўзда тутилган қимматли ва сабоқли тараққиёт калитидир. Асарда шоирлар, шеър ҳаваскорлари ва илм-фан намоёндаларидан 459 кишининг ижоди ҳақида мулоҳаза юритилсада, ундаги бош қаҳрамон – муаллифнинг ўзи ва бош масала – шеъру шоирнинг тақдиридир. Навоий шеър ва шоирнинг жамиятда, ҳаётда тутган ўрни масаласига кўп аҳамият бериб, унинг маънисида илму маърифат тадбиғини кўришни истайди. Асарнинг кириш қисмида устози Абдураҳмон Жомий хусусида сўз юритиб Ҳазрат Навоий шундай мисраларни келтиради:

Улким бу тўқуз фалакни ақл этса хаёл,

Дарёи улумиға топар қатра мисол.

То чашмаи табъи даҳр аро очти зулол,

Ҳайвон суйи янглиғ айлади маломол.

Дарҳақиқат, илм бесарҳадки унинг зар қатраси қалб кўзига зилоллик, тиниқлик инъом этиб тириклик қони оқиб турган ҳар бир инсонга дунёни мўл ва мукаммал тафаккур билан англаш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтиш ўринлики, XV асрда фаолият юритган Самарқанд мадрасаларида диний ва дунёвий илмлар уч - араб, форс, туркий тилларида таълим берилган. Мадрасалар қошидаги бой кутубхоналар таълим жараёнида дастуруламал бўлган. Мирзо Улуғбек таълим тизимида жорий қилинган ислоҳотлар бу даврга келиб ўз самарасини бера бошлаган – миллатимизнинг улуғ сиймоси бўлмиш Алишер Навоийдек зотлар касби камол топган. Чунончи, Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг давомчиси бўлган Самарқанд давлат университетида ҳам бугунги кунда ўн мингдан ортиқ қўлёзма, тошбосмаларни қамраб олган кутубхона мавжуд. Ёшларда ушбу илмий-маънавий меросни ўрганиш ва тадқиқ этишни шакллантиришга қаратилган адабиётшунослик, матншунослик ва манбашунослик, шарқ тиллари йўналишларида ўқитилаётган фанлар бевосита ўша давр анъаналарини давоми сифатида сақланиб келинмоқда.

photo_2020-07-08_19-27-36.jpg

Назмия Муҳиддинова,

СамДУ доценти


4 218
ЎзА