ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Алимент ундириш масаласида янги нормалар белгиланади

Алимент ундириш масаласида янги нормалар белгиланади

Олий Мажлис Сенатида иккинчи ялпи мажлис доирасида кўриб чиқиш назарда тутилган масалалар тегишли қўмита ва комиссиялар томонидан муҳокама этилди. 

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

photo5384254557015617170.jpg

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун билан кўплаб муаммоларга сабаб бўлаётган алимент ундириш масаласида ҳам янги нормалар белгиланяпти. Яъни ўн тўрт ёшга тўлган бола ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан, ёки бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли бўлади. Бу норма ота ва онанинг биргаликдаги масъулиятини оширишга хизмат қилади. Оилалардаги ажримларни камайтиришга ҳисса қўшади.

Янги қонунга мувофиқ қарор қабул қилишга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли.

Давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг мурожаатларини кўриб чиқиш унинг қонуний вакиллари, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокида амалга оширилиши мумкин. Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, мажлисда ота-оналар қаровисиз қолган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам дастлабки тарзда муҳокама этилди. 


2 894
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА