ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Алимент тўламай юрган ота жавобгарликка тортилди

Алимент тўламай юрган ота жавобгарликка тортилди

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган шахсларнинг иш ҳужжатлари судларга тақдим этилиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Асака туман бўлими иш юритувида бўлган алимент бўйича карздор З.С. фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2015 йил 25 сентябрдаги суд буйруғига асосан алимент тўлаб бориши белгиланган бўлса-да, у белгиланган алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан келган. Натижада алиментдан 22 миллион 79 минг сўм қарздорлиги йиғилиб қолган. Қарздор отага суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2019 йил 16 март кунги суд буйруғига асосан қарздор Р.A. ҳам бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши юклатилган. Бундан бўйин товлаб юрган Р.A.нинг ҳам қарзи йиғилиб, 26 миллион 37 минг сўмни ташкил этган. Шунингдек, қарздор О.У. ҳам ўз фарзандлари таъминотидан қочиб, алимент тўловларини амалга оширмай юргани учун қонун доирасида жавобгарликка тортилиб, 15 суткага қамалди.

Фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Оталар ана шу бурчни асло унутмасликлари, зиммаларидаги масъулиятни адо этишлари лозим. Акс ҳолда улар албатта, жавобгарликка тортилади.

1 207
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА