ЎзА Ўзбек

20.08.2018 19:09 Чоп этиш версияси

Ҳалимаси ўтди ўзбекнинг

Ҳалимаси ўтди ўзбекнинг Дарё эди ҳеч қайтмаган шаштидан,

Кўкрагида орияти юз бекнинг,

Йўлбарсдай ўкириб Турон даштидан,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Энажоним сени сўраб эл келди,

Болажон деб сириб боғлаб бел келди,

Энасойнинг бўйларига сел келди,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Йиғла, ҳаққинг бордир йиғламоқликка,

Тиғ-ла бағри дилинг тиғламоқликка,

Икки дарёсини ўраб оқликка,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Қон йиғлади Қодирий деб, Усмон деб,

Қабринг қайда Абдулҳамид Чўлпон деб,

Ота туркнинг қадди бўлсин осмон деб,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Нурга тўлсин ёруғ олам деб ўтди,

Шеърим – дилда азиз нолам деб ўтди,

Ҳар туркийни жоним болам деб ўтди,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Аёл эди ахир ёрига суюк,

Аёлки кифтида шеъриятдек юк,

Тўмарисим менинг, ягонам, буюк,
 
Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Бир умр куюнди, бир умр ёнди,

Кўзёшми киприкдан қоғозга томди,

Тилла қаламини кимга ишонди,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Дунёга кўндаланг қўйилган савол,

Токи Ватан бордир топмагай завол,

Дор устида мағрур тик кетган аёл,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Ким халқим дер, ким яшайди мулким деб,

Ё раб биров сўроқламас бул ким деб,

Олов кечиб Абут Турк деб, эрким деб,

Ҳалимаси ўтди бугун ўзбекнинг.



Дилда иймон калимаси ўлмайди,

Турку Турон Ҳалимаси ўлмайди,

Адабиёт — онажоним йиғлама,

Тоғларинг тупроққа кўмиб бўлмайди.



Аҳрор БАЙЗО,
шоир (Сирдарё).

11 229