ЎзА Ўзбек

22.07.2020 Чоп этиш версияси

Али Қушчи Истанбулга қуруқ бормаган

Али Қушчи Истанбулга қуруқ бормаган
Темурийлар ва усмонийлар салтанати... Ҳар иккисини боғлаб турадиган умумий жиҳатлар мавжуд. Масалан, қудрат ва салоҳият, буюклик ва маҳобат, адолат ва бунёдкорлик... Булар икки салтанатга нисбатан қўлланиладиган эътирофлар.

Бироқ ХIV-ХV асрларда темурийлар ва усмонийлар давлатида юз берган умумий бир тарихий жараён ҳам бор. Яъни ўша даврда ҳар икки салтанатда маданий ҳаёт энг юксак чўққига кўтарилган.

Манбаларда ёзилишича, усмонли султонлари ўз атрофига олиму фузалоларни тўплаб, уларни қўллаб-қувватлаган, рағбатлантирган. Самарқандда ҳам бундай анъана қадрланган, бардавом бўлган. Ўша даврда кўҳна ва ҳамиша навқирон кентимиз илм-маърифат маркази сифатида қай даражада машҳур бўлса, Истанбул, Эдирна, Бурса, Диёрбакир, Коня ва Румели ҳам илм-фан ўчоқларига айланган.

Яна бир ўзига хос жиҳатга алоҳида тўхталиш жоиз. Бу даврда иккала салтанатда ҳам риёзиёт энг ривожланган соҳалардан бири бўлган. Худди заминимиздаги сингари усмонийларнинг энг олий мақомга эга «Ҳасия-и Тажрид» мадрасаларида ҳам ҳисоб ва ҳандаса (геометрия) билан космография ўқитилган.

Риёзиётнинг усмонийлар мамлакатида оммалашишини улуғ аждодларимизнинг тарихий хизматлари билан боғлаш ўринли, албатта. Гап нимадалиги дарҳол фаҳмлаганингизга шубҳа йўқ. Чунки маърифатпарвар подшоҳ ва буюк олим Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг унинг севимли шогирди Али Қушчи Истанбулга келгани ҳақида ўқигансиз, эшитгансиз. Ўшанда улуғ астрономнинг шогирди мадраса сабоқларидан ташқари, алоҳида курс очиб, қизиқувчиларга риёзиёт (математика)дан дарс берган. Ҳатто Синан Пошо Али Қушчидан бу фан сир-синоатларини ўрганиш учун шогирдларидан Токатли Мулла Лутфини юборади. Ўз навбатида, у Али Қушчидан ўрганганларини устози Синан Пошога ўргатади. «Шақойиқи Нўмония»да бу масала хусусида сўз юритилиб, «Мавлоно Синан Пошо шу тариқа илми риёзиётни ўрганди», дейилади ва Синан Пошо бу билан чекланмасдан, Қозизода Румий асарларига жавоб ёзганлигига ҳам ишора қилинади.

Қозизода Румий номи билан машҳур бўлган Мусо Пошо ўз даврида буюк турк математиги бўлган. Қизиғи, у бу соҳада усмонли диёрида эмас, айнан Самарқандда илм эгаллаган. Бундан кўринадики, Самарқанд илмий мактаби ўша даврда туркий халқлар орасида ўзига хос мавқега эга бўлган. Демак, ХV аср сўнгги ярмида усмонийлар мадрасаларида ўқитилган риёзиёт дарслари Мирзо Улуғбек бошчилигида ташкил қилинган илмий мактабнинг Али Қушчи воситасида оммалаштирилиши эди.

Усмонийлар давлатида ҳам мадрасалар фаолиятини давом эттириш учун вақфлар ташкил қилиниши устоз, талаба ва бошқа хизматчиларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиришда қўл келган.

Усмонийларнинг илм аҳлига бўлган эътибори туфайли бошқа ўлкалардан ҳам бу ерга келиб таҳсил олувчилар кўп бўлган. Ўша даврларда «Олимлар маскани» деб номланган Изник шаҳри мадрасалари илм-маърифат марказига айлангани ҳам сўзимиз исботидир. Бундан ташқари, усмонийлар салтанатида илм аҳлига кўрсатилган эътибор бир қатор олимларнинг Эрон, Турон, Хуросон, Доғистон, Ҳиндистон, Бухоро, Ҳалаб, Сом, Миср каби давлатлардан Истанбулга келишига сабаб бўлади. Шундай қилиб, Истанбул олимлар тўпланган марказга айланган.

Шу билан бирга, ўша даврда султонлар, вазирлар, сарой аёнлари ва бадавлат аҳоли томонидан кўплаб мадрасалар барпо этиш анъанага айланади. Биргина меъмор Синан бошчилигида Истанбулда қурилган мадрасалар сони 55 та эди. ХVI аср сўнгги чораги бошида эса бу кўрсаткич 126 тага етади. Мадрасаларга ажратилган вақфлар тизими давлат сиёсати даражасига кўтарилади.

Усмонийлар мадрасаларида астрономия фани ўқитила бошлаши ҳам Али Қушчининг Самарқанддан у ерга бориши билан боғлиқ. Али Қушчидан кейин усмонийлар юртида астрономия ва математика илмлари ривожига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан бири Мирим Чалабий номи билан шуҳрат қозонган Маҳмуд бин Маҳмуддир. У Қозизода Румий билан Али Қушчининг шогирди ҳисобланади. Математика, астрономия ва устурлобга доир асарлар ёзган бу олим Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» асарига «Дастурул-Амал ва Ташҳиҳул-Жадвал» номли форсча шарҳ ҳам ёзади. Шунингдек, у Али Қушчининг «Фатвия» номли асарини ҳам шарҳлайди.

Ушбу даврда мадрасаларда ўқитилган илмий адабиётлар араб тилида ёзилган бўлиб, мадрасалар дастурида бу тил муҳим аҳамият касб этган. Фиқҳ ва калом билан биргаликда мантиқ ва математикага ҳам эътибор берилган.

Демак, Самарқандда камол топган буюк аждодларимизнинг ақлу закоси, илму зиёси ўз даврида дунёнинг олис ўлкаларида ҳам илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган. Шу маънода, биз қандай улуғ зотларнинг авлодлари эканлигимиздан ҳақли равишда ҳар қанча фахрлансак кам.


Роҳила Рузманова,
филология фанлари номзоди,
Самарқанд давлат университети доценти.

2 984