ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Қалбларга қадалган яхшилик уруғи эзгулик ундиради

Қалбларга қадалган яхшилик уруғи эзгулик ундиради

"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти саховат акцияларини давом эттирмоқда. Айни кунларда Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати ҳамда муборак Рамазон ойи барча юртдошларимизни эзгу ишларга даъват этмоқда.

Халқимизга хос эзгу қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу ҳаракат доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳам кўнгли ярим, эҳтиёжманд оилалар ва ишга лаёқатсиз фуқароларга саховат кўрсатилмоқда.

- Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугун республикамизда кенг қулоч ёйди. Жумладан, комбинат ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларини давом эттирмоқда. Шу мақсадда комбинат томонидан тайёрланган олти турдаги озиқ-овқат жамланмалари битта оиланинг бир ойлик эҳтиёжини қоплашга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборатдир. Махсус қутига жойланган жамланма: 30 дона тухум, 5 килограмм ёғ, 5 килограмм шакар, 15 килограмм ун, 20 килограмм гуруч ва 5 килограмм гўштдан иборат, - дейди “Олмалиқ КМК” АЖ Касаба уюшмаси кенгаши раиси А.Ҳайдаров.

ав 1.jpg

Комбинат томонидан шу кунларда республикамизнинг қатор ҳудудларига олти турдаги энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат эҳсон жамланмалари жўнатилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Сариосиё туманидаги 100 тадан оилага комбинат совғалари жўнатилди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ихтиёрига қўшимча 100 та озиқ-овқат жамланмаси топширилди.

Наманган вилояти Поп тумани ва Жиззахнинг Зафаробод туманидаги 100 тадан оилага ҳам озиқ-овқат жамланмаси етказилди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ихтиёрига топширилган 200 та эҳсон жамланмаси ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига етказилади.

Бундан ташқари, комбинат томонидан Ангрен шаҳрига 120 та, Чирчиқ шаҳрига 100 та, Оҳангарон туманига 50 та, Бўка туманига 50 та, Бекобод шаҳрига 20 та, Бекобод туманига 20 та, Пискент туманига 20 та озиқ-овқат жамланмаси аҳолининг тегишли қатламларига мақсадли йўналтириш учун юборилди.

Шу ўринда, коронавирус пандемиясига қарши курашиш жиддий синов эканини яна бир бор таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимиз ҳукумати томонидан олиб борилган оқилона сиёсат туфайли карантин даврида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялашнинг тезкор чора-тадбирлари амалга оширилаяпти. Бу хайрли ишлар доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 2 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўтказиб берган бўлса, Тошкент вилояти “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлигига 200 миллион сўмдан ёрдам кўрсатди.

Эътиборли жиҳати, карантин вақтида комбинат билан Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган “Сall - марказ” га мурожаат қилган 1 минг 271 нафар фуқарога беғараз ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 

Халқимизнинг буюк қудрати ҳамда муборак Рамазон ойининг асрлар оша яшаб келаётган беқиёс аҳамияти бугунги мураккаб кунларда янада кучлироқ намоён бўлмоқда. Аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, мискин кўнгилларни обод этаётганлар ўзларининг саховат ва кўмаклари билан қалбларга эзгулик ва яхшилик уруғини қадамоқда.


"Олмалиқ кон-металлургия комбинати"
 акциядорлик жамияти

1 606
ЎзА