ЎзА Ўзбек

03.08.2018 17:56 Чоп этиш версияси

Қалб ва руҳ тарбияси – маърифатли келажакка йўл

Қалб ва руҳ тарбияси – маърифатли келажакка йўл
Бугун кўп йиллардан буён менга қадрдон бўлиб қолган китоб дўконига кирдим. Харидорларни илиқ чеҳра билан кутиб олаётган сотувчидан кейинги пайтларда китоб савдоси қандай бўлаётгани ҳақида сўрадим, бирдан унинг юзига нур югурди. Сездимки, танишимизнинг бозори бароридан келган.

001.JPG

Эшқобил Шукур, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

– Бунақаси бўлмаган, – деди у мамнуният билан. – Ишонсангиз кейинги бир йилда харидорларимиз сони камида икки баробар кўпайди, десам муболаға бўлмайди. Дўконимизга ота-оналар болаларини етаклаб келадиган бўлишди. Ҳатто бу удум бўлаяпти. Авваллари бундай ҳол кам кузатиларди.

– Болаларни китобга ўргатган яхши-да, – дейман ўсмоқчилаб.

– Болаларнинг ўзларида ҳам қизиқиш катта, – деб урғу беради сотувчи. – Кеча кечқурун дўконни ёпамиз, деб турганимизда 12 ёшлардаги бир қизчани ота-онаси етаклаб келиб қолди. Қизнинг онаси “Илтимос, ёпмай туринглар. Биз қизимизнинг туғилган кунига бошқа нарса совға қилмоқчи эдик. Лекин қизимиз менга китоб совға қилинглар, деб туриб олди”, дейди. 80 минг сўмлик бир неча китоб олишди. Мен эрта-ю кеч дўконда ўтираман, кейинги пайтларда одамлар совғага китоб харид қилишни одат қилишаётганига ўзим гувоҳман.

Модомики, юртда китобга талаб кучайибдими, бу – хайрли. Бу – китобхонликка Президент даражасидаги эътибор натижаси. Бир нарса аниқки, катта ва эзгу ишларнинг амалга ошиши учун, тарихий ислоҳотлар рўёби учун, аввало, жамиятда шунга мос муҳит ҳосил қилиш керак бўлади. Бусиз ҳар қандай эзгу ишнинг амали қийин кечади. Ўзбекистоннинг китобхон мамлакатга айланиши учун айни шу муҳит ҳосил бўлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Китобхон мамлакат дегани эса, улуғ маданият, маърифатли келажак дегани.

Президентимизнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашганига бир йил тўлди. 2017 йилнинг 3 август куни бўлиб ўтган бу тарихий учрашувда давлатимиз раҳбари мамлакатдаги маданият ишларини мамлакат мудофааси ишлари билан тенг қўйишини, мудофаа кучлари мамлакатни ташқи томондан ҳимоя қилса, маданият кучлари ички – маънавий томондан ҳимоя қилишини таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, маънавий жиҳатдан ҳимояланмаган халқ инқирозга мойил бўлишини жаҳон тарихи қайта-қайта исботлаган. Халқнинг бутунлигини унинг ички маданияти, маънавияти белгилайди. Маданият ва маънавиятнинг энг катта душмани, шубҳасиз, жаҳолатдир. Шунинг учун Президентимиз ўшанда бизни огоҳликка даъват этиб, қуйидаги фикрларни айтган эди: “Биз бугун жаҳолат деган балога иқтисодиёт соҳасида ҳам, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият тизимида ҳам, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида дуч келаяпмиз ва бу иллат қўл-оёғимизда бамисоли кишан бўлиб турибди. Бу кишандан халос бўлмасдан туриб, тараққиёт ва ривожланиш ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмас”.

Ўша учрашувдан сўнг – 7 августдан 17 августгача жуда қисқа муддатда маданиятимиз ва маънавиятимизнинг бундан кейинги тараққиёт йўлини белгилаб берган 10 та тарихий қарор қабул қилинди. 10 кунда шунча иш, шунча фаолият катта шиддат билан бошланди. Ҳолбуки, бундай қарорларнинг биттасини соҳа вакиллари йиллаб кутишар эди. Йиғилиб қолган муаммолар архив тахламларидай қалашиб ётар эди. Президент бу учрашувда барча ижодкор зиёлилар кўнглидаги гапларни топиб гапирди. Бу учрашув миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз тарихида унутилмас учрашув бўлиб қолди. Шундан сўнг маданият, адабиёт ва санъат соҳаларида катта ҳаракатлар бошланиб кетди.

Биргина адабиётнинг ўзига эътиборни оладиган бўлсак, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси 8 ойда бунёд этилди. Қарангки, тўқсон йилда бўлмаган ишлар саккиз ой ичида бўлди. Шитобни қаранг! Бўлар экан-ку! Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак, мен бу ҳақда аввал ҳам ёздим, Президентимиз Ёзувчилар уюшмасининг биносини кўришга борганида “Бу менинг армонларимдан бири эди”, деди. Мана шу гапнинг ўзи давлат раҳбарининг адабиётга, ижодга эътибори нечоғли баланд эканини кўрсатади. Шу гапнинг ўзи ўзини билган ҳар қандай ижодкорга рағбат беради.

Ўтган бир йил ичида Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаби, Қашқадарёда Абдулла Орипов, Фарғонада Эркин Воҳидов, Андижонда Муҳаммад Юсуф, Наманганда Исҳоқхон Ибрат, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов ижод мактаблари фаолият бошлаши муҳим маънавий ҳодисалардир. Мен Жиззахдаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабига бордим. Барча замонавий шароитларга эга ажойиб мактаб! Кирсангиз баҳри дилингиз очилади, сизни Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг руҳи кутиб олгандай бўлади. Ижод мактаби ўқувчиларининг ёниб турган кўзларига, навқирон чеҳраларига, оташин шижоатига қараб, кўнглингиз тоғдай юксалади. Таниқли олим Нуъмон Раҳимжонов билан ўқувчиларга дарс ўтдик. Дарс жараёнида қаршимиздаги болалар келажагимиз адиблари, олимлари эканини ҳис этдик. Худди шу ижодий мактаблар ҳам эзгу ва улуғ ишларнинг амалга ошиши учун юқорида таъкидлаганимиз муҳитни яратишга хизмат қилади ва ўз ҳосилини беради. Яқиндагина бўлиб ўтган Ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида ҳам шундай қизғин жараёнларга гувоҳ бўлдик. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Қолаверса, эрта-индин мамлакатимизда катта илмий анжуман – "Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари" мавзусида халқаро конференция бошланади. Унда жаҳоннинг 25 давлатидан шоирлар, адиблар ва адабиётшунослар қатнашадилар. Конференциянинг нечоғли аҳамиятга эга экани унинг мавзусидан яққол кўриниб турибди.

“Биз бор кучимизни курашга эмас, руҳ тарбиясига сарфлаймиз!” Бу – қадимги донишмандларнинг гапи. Тарихнинг барча синовларидан ўтган фикр. Адабиёт ва санъатнинг вазифаси ҳам айни шу руҳ тарбияси билан боғлиқ. Демак, муҳими, ижод. Ижод қилаётган одам ўзи билан ўзи машғулдай туюлади-ю, лекин аслида жамиятдаги руҳ тарбияси билан шуғулланаётган бўлади. Миллий маданият даражаси эса қалб ва руҳ тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

ЎзА
9 538