Ғалати машҳур

Тошкент вилоятида ёндош икки шаҳар бор: Ангрен ва Оҳангарон. “Ангрен” сўзи “Оҳангарон”нинг рус тилига бузиб кўчирилган шакли эканини биров билар, биров билмас.
Она тилим — олтин сандиғим
Тошкент вилоятида ёндош икки шаҳар бор: Ангрен ва Оҳангарон. “Ангрен” сўзи “Оҳангарон”нинг рус тилига бузиб кўчирилган шакли эканини биров билар, биров билмас. Оҳан ― темир, оҳангар ― темирчи, оҳангарон ― темирчилар экани ҳам одамларнинг эсидан чиққан шекилли, ҳеч ким, ҳай, бу нимаси, битта номда икки шаҳар бўладими, деб сўрамайди. Сўраганда ким қулоқ соларди? Битта тентакнинг ишини мингта доно тузатолмас, деб шуни айтадилар.
Эскидан қолган “Ғалати машҳур” деган гап бор. Бу “машҳур бўлган хато” демакдир. “Ғалат” сўзининг ўзбек тилида “ғалати” шаклида “қизиқ”, “ажойиб” деган маъно касб этгани ўзи ғалати машҳурдир.
“Хунук” сўзи форсчада совуқ, “муттаҳам” арабчада жиноятчи маъноларини англатади. Кўпгина Шарқ мамлакатларида “дафтар” деб идора, офисни, “маҳкама” деб судни айтадилар.
Кейинги йилларда тилимизга “олийгоҳ” (институт) сўзи кириб қолди. “Қароргоҳ”, “Саждагоҳ”, “Жанггоҳ” сўзларидаги жой маъносини биддирувчи “гоҳ” қўшимчаси олдидан предмет ёки ҳаракат номини англатувчи сўзни қўшиб атама ясаш мумкин. “Оромгоҳ”, “тайёрагоҳ”, дейиш хато эмас. Ҳатто ”илмгоҳ”, “муолажагоҳ” дейиш ҳам мумкин. Лекин “олийгоҳ” дейишимиз ғалатдир. Чунки “гоҳ” қўшимчаси сифат ё равиш билан ишлатилмайди. “Олийгоҳ” ― “ёруғистон”, “кенгзор”, “тезхона”, “яшилгоҳ” деган каби мантиқсиздир.
Янги сўз ёки атаманинг луғатга кириши, ўзлашиб кетиши, дарҳақиқат, осон эмас. Бунинг тилшуносларимиз яхши биладиган кўпдан-кўп шартлари бор. Шулардан бири ва асосийси, назаримда, қисқаликдир. “Остановка” деган тўрт бўғинли сўз ўрнига икки бўғинли осонгина “бекат” сўзи тез сингиб кетди. Лекин қисқагина “шофёр” ўрнига сунъий ясалган “ҳайдовчи”нинг луғатга кетиши қийинроқ. Шунинг учун тилга мослаб олинган “шўпир” сўзини халқ кўпроқ ишлатади.
Америкада бир ёш уйғур йигитдан “унолғи” деган сўзни эшитдим. Микрофон маъносида. Жуда чиройли топилган, тил табиатидан келиб чиққан, бинобарин, тез ўзлашиб кетган сўз экан. “Қимматбаҳо металларнинг пробаси” тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасида “проба” сўзининг ўзбекчаси устида баҳс кетди. Албатта, давлатчилик тарихи бор бўлган халқларда олтиннинг асиллик даражасини билдирувчи сўз бўлади. Ўша муҳокамада биз ўз тарихимиздан ажралиб қолганимизни яна бир карра ҳис этдик. Ўзбекчада “проба” сўзига эквивалент атама бўлмаслиги мумкин эмас. Амир Темур давлатида, хонликлар замонида олтин тангалар зарб этилган, тилла ёмбилар қуйилган. Биз Қонуннинг номини вақтинча “Қимматбаҳо металларнинг асиллик даражаси” деб қўйдик. Кўнглимиз тўлмади. Яқинда хоразмлик бир шоира “ёрғит” деган сўз борлигини, олтиннинг қиммати ёрғит билан ўлчанганини айтиб қолди. Бу сўзнинг қанчалик “проба”га яқинлигини ўрганиб кўриш, яъни ушбу сўзнинг асиллик даражасини текшириш тилшунос олимларимизга ҳавола. Собиқ шўро замонида ўзбек тилида қонун ёзилмаган. Умуман, Ўзбекистонда қонун ёзилмаган. Барча республикалар учун ҳам Москвада тайёрланган. Шу боис ўзбекнинг девон тили, яъни ҳужжат ёзадиган тили унутилиб кетган. Биз ёшлигимизда бирор жойдан маълумотнома оладиган бўлсак бундай ҳужжат одатда “Берилди ушбу справка...” деб бошланар эди. Кейинчалик маълумотномалар умуман ўзбекча ёзилмайдиган бўлди.
Ўзбек тили давлат мақомига эга бўлгач, энди барча қонунлар ўзбек тилида ёзилиб, кейин бошқа тилларга таржима қилиниши керак. Лекин қонун тилининг ўзи мавжуд бўлмаса, боз устига кўпчилик олим мутахассисларимиз русча ўқиган бўлсалар, ҳаммасидан ҳам адлия терминлари асосан русча бўлса, қонун ёзувчиларга осон эмас. Лекин ҳолатнинг мушкуллигига кўниб, илож қанча, деб ўтирсак ҳам бўлмайди. Академия қошида бутун бошли институт бор. Турли соҳаларда терминология билан шуғулланувчи олимлар бор. Илмий қудратимиз бошқалардан ҳеч кам эмас. Фақат ушбу улкан ишга астойдил киришмоқ, тилшунос олимлар, турли соҳа мутахассислари, турли минтақаларимиз вакилларини, умуман кенг халқ оммасини, айниқса, матбуотни сафарбар қилмоқ зарур бўлади.
Бир замонлар Наполеон Бонапарт, қонун қисқа ва тушунарсиз бўлсин, дея кўрсатма берган экан. Халқ ўз ҳақини танимасин, қонунни император қандай талқин қилса, шундай тушунилсин, деган мақсадда у шундай буйруқ бергандир. Халққа ўз ҳуқуқини англатиш давлат сиёсати даражасига қўтарилган бизнинг замонда қонун албатта қисқа ва тушунарли бўлмоғи керак. Узундан узоқ жумлалар тузиш, ўзбекча ёзатуриб русча фикрлаш девон тилимиз учун безак эмас. Баъзи ҳужжатларни ўқиб, ёзган одамнинг ўзи уни тушунармикин, деган савол хаёлга келади. Мана бу гапни ўқиб кўринг:
“Ихтирога тааллуқли ахборотнинг муаллиф ёки ундан бевосита ёхуд бавосита шу ахборотни олган ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор этилиши, агар ихтирога патент бериш ҳақидаги талабнома ахборот ошкор этилган санадан эътиборан кўпи билан олти ой ичида Патент идорасига топширилган бўлса, ихтиронинг патентга лаёқатлилигини тан олишга таъсир кўрсатадиган ҳолат сифатида эътироф этилмайди. Бунда ушбу ҳолни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади”.
Бу каби чигал, жимжимадор баён услуби тилимизга бегона. Фикрлаш тарзи ўзбекча эмас. Шунинг учун гапнинг мағзини чақиш амри маҳол. Русчасини ўқиб тушуниш осонроқ.
Гапирса гап, ўртага қўйса муаммо кўп. Хулоса сўзни айтсак, она тилимизни севиш, у билан ифтихор қилиш, таърифлар беришнинг ўзи кам экан. Тил устида меҳнат қилиш, уни бойитиш, янада гўзал ва қудратли қилиш олим ва ижодкорларнинг, мен ўзбекман деган ҳар бир юрт фарзандининг бурчи экан.
“Сўз латофати“ китобидан
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон халқ шоири