ЎзА Ўзбек

21.02.2018 14:50 Чоп этиш версияси

Қалампирдан қанча даромад олиш мумкин?

Қўқон давлат ўрмон хўжалигида энг харидоргир қалампир навини етиштириш ва кўпайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Қалампир "қирқ йиллик қарзинг бўлса, бир йилда узаман", дер экан. Рост гап. Бугунги кунда мамлакатимизда аччиқ қалампир етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки жаҳон бозорида бу маҳсулотга бўлган талаб катта. Ўтган йили Индонезияда бўлиб, у ерда қалампир етиштириш технологиясини ўрганиб қайтган Фарғона вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси вакиллари ҳам бу борада амалий ишларга қўл урди.

Айни пайтда Қўқон давлат ўрмон хўжалигида 40 гектар майдонга экиш учун Индонезиядан келтирилган аччиқ қалампир уруғи иссиқхона шароитида ундирилмоқда. Маълумотларга қараганда, 1 гектарда қалампир етиштириш учун 25 миллион сарфлаб, 20 тонна ҳосил олиш мумкин экан.

– Бу аччиқ қалампир нави биздагига қараганда икки-уч баробар кўп ҳосил беради ва бир гектардан ўртача 40 миллион сўмгача даромад олиш мумкин, – дейди Фарғона вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи М.Хўжаев. – Энг муҳими, Индонезия аччиқ қалампири жаҳон бозорида жуда харидоргир экани боис, у асосан экспортга чиқарилади. Битта қалампир кўчатидан 400-450 тагача ҳосил олиш имкони бор. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бизнинг иқлим шароитимизда мазкур аччиқ қалампир Индонезиядагидан ҳам серҳосил, сердаромад бўлади.

Вилоятда етиштириладиган Индонезия қалампири 90 фоиз хорижга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Айни кунларда ушбу қалампирнинг табиий ҳолда пишгани, консерва сифатида тайёрланганига катта миқдорда буюртмалар шакллантирилаётир. Ҳозиргача Россиянинг деярли барча ҳудудлари, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Польша, Грузия, Молдова сингари ўнлаб мамлакатлар билан келишувларга эришилди.

– Индонезия қалампири маҳаллий навларга қараганда аччиқроқ, ҳажми бироз кичик, – дейди Қўқон давлат ўрмон хўжалиги агрономи М.Жўраев. – Бугунги кунда пойтахтимиздаги ихтисослашган марказлар, институтлар билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда. Лабораториямизда инновацион ғоя ва технологияларни қўллаган ҳолда, ушбу қалампир навини маҳаллий иқлим шароитига тўлиқ мослаштириш мақсадида турли тажрибалар ўтказилаётир. Биоўғитлар билан ишлаш, зараркунандаларга қарши курашиш соҳасидаги илк хулосалар шу кунларда амалиётга татбиқ этилади.

Таъкидлаш жоизки, тўрт фаслда ҳам ҳавоси мўътадил бўладиган Индонезия шароитида аччиқ қалампир асосан очиқ ер майдонларида фермер ва кичик деҳқон хўжаликларида етиштирилади. Мутахассисларимиз мазкур навни юртимизда иссиқхона шароитида етиштириб, эртачи ҳосил олишни ҳам мақсад қилишган. Бу борада бошланган дастлабки саъй-ҳаракатлар яқин вақтларда ўз самарасини бериши аниқ. Шу тариқа мазкур навдаги аччиқ қалампирни аҳоли томорқасида ҳам етиштириш имконияти яратилади. Боиси, 60-80 кунда тайёр бўладиган аччиқ қалампирни томорқа хўжалигида етиштириш орқали бир оила бир мавсумда ўртача 9-10 миллион сўм даромад олиши мумкин. Ўз навбатида, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари мазкур қалампир навини вилоятдаги фермер хўжаликлари дала майдонларида бошоқли дон экинидан сўнг парваришлаб, катта даромад олиш бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
12 773