ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Актам Хаитов: Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва тўғри йўлдан адашиш бўлади

Актам Хаитов: Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва тўғри йўлдан адашиш бўлади

Мурожаатномада 2020 йилнинг "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили", деб эълон қилингани, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлишимизни, ҳаётий эҳтиёжга айлантиради.

2020 йилга берилган номни чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, аслида илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрдаги Янги йил арафасида – мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намоёндалари билан учрашувидан, 2017 йил 29 ноябрида “Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекишидан бошланган эди.

2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, дея номлаганларида буюк келажагимизни барпо этишни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз кераклигини алоҳида таъкидланган эди.

Президентимиз 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилар эканлар: “Ҳеч қайси давлат инвестицияни ривожлантирмасдан, ҳеч қандай натижага эришмайди. Энг мураккаб йўл, бу инвестиция жозибадорлигини сармоядорларга етказиш бўйича катта ишларни қилишимиз керак — деб таъкидлаган эди ва бунга кутилганидан ҳам ортиқроқ даражада эришилмоқда.

Фикрларни далили сифатида биргина соҳага тўхталадиган бўлсам, уч йил ичида қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш соҳасида энг аввало, мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи “Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий синалган шаклларини жорий этиш, аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга эришилмоқда.

Олимларнинг тахминларига кўра, 2050 йилга бориб Ер сайёраси аҳолиси 9,6 миллиардга етиб, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун бугунгига нисбатан 70 фоиз кўп маҳсулотлар керак бўлар экан. Бунинг ечимига замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар киритиш, яъни “ақлли” қишлоқ хўжалиги орқали эришиш мумкин холос.

Аграр техникалар соҳасида “ақлли” қурилмаларни қўллаш даражаси бўйича Европа ҳозирча АҚШдан ортда қолмоқда. Россия эса янада ортда. Россия фермерлари АҚШ фермерларига нисбатан 10-15 баробар кам даромад олишади. Бу кўрсаткичларни ҳис этганимиздан кейин, ўзимизнинг раҳбар ходимлар ва фермерларимизнинг меҳнати натижаларига солиштирсак, юртбошимизнинг “Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат”, – деган сўзларини моҳиятини чуқурроқ тушуниб етамиз.

Ҳақиқатда тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради.

Дунё бўйича 70 фоиз тоза сув қишлоқ хўжалиги учун сарфланар, ачинарлиси унинг 60 фоизи шунчаки исроф бўлиб кетар экан. Бу муаммони ҳам ақлли тизим ҳал қилади.

Шу ўринда мурожаатномада сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши, 2020 йилда 44 минг гектар ерда ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этилиши, бунинг учун давлат бюджетидан 300 миллиард сўм субсидия ажратилиши белгилаб берилганлигининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида аҳамият қаратиб: “Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” – деб бежиз таъкидламадилар.

Ҳақиқатда ҳам, фермерларимизнинг анъанавий усуллари ўсиб бораётган озиқ-овқат талабига тенглаша олмайди, шу боис фермерлар ақлли қишлоқ хўжалигига тобора кўпроқ мурожаат қилишлари керак.

Бу ўринда Муҳтарам Президентимизнинг “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади” – деган сўзларини ўзимизга дастуриламал қилиб олишимиз керак.

Актам ХАИТОВ,
OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси

1 664
ЎзА