ЎзА Ўзбек

15.10.2012 16:07 Чоп этиш версияси

Акт ва архив иши

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан “Давлат архивлари фаолиятининг очиқлиги ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлашга қаратилган ишларни кенгайтиришга хизмат қилади.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги архив соҳасини ахборотлаштиришни жадаллаштириш ва фуқароларга архив ахборотидан тез ҳамда тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратишга доир фаол ишларни амалга оширмоқда, – дейди “Ўзархив” агентлиги бош директори А.Абдуллаев. – Агентликда фаолият кўрсатаётган ахборот хизматининг асосий вазифаси фуқаролар ва ташкилотларга агентлик ҳамда унга қарашли архив муассасалари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишдан иборат. Фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари ижросини таъминлаш бўйича алоҳида сектор ташкил қилинган.

Интернет тармоғида “Ўзархив” сайти ҳам мавжуд бўлиб, ундан фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикасида архив ишини ташкил этиш тарихи, агентлик тизими ва тузилмаси, унинг бўлимлари ҳақидаги ахборотни топиши мумкин. Шунингдек, сайтда архив иши бўйича ҳудудий бошқармалар ва Ўзбекистон Республикасининг марказий давлат архивлари тўғрисида маълумотлар ҳам бор, уларнинг сайтлари кўрсатилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 102 давлат, 29 нодавлат архиви фаолият кўрсатмоқда. Уларда 8,4 миллиондан ортиқ ҳужжат сақланмоқда. Фойдаланувчилар “Хизматлар” рукни орқали мамлакатимиз давлат архиви томонидан кўрсатилаётган пулли ва бепул хизматлар турлари ҳақида ахборот олиши мумкин.

Шу билан бирга, фойдаланувчилар сайтда архив иши ва иш юритишга тааллуқли амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш ҳамда уларни кўчириб олиш имконига эга.

“Интерфаол хизматлар” бўлимида фуқаролар ишонч электрон почтаси ва онлайн-қабулхона ёрдамида “Ўзархив”га турли масалалар юзасидан мурожаат қилишлари мумкин.

Фуқароларга иш стажи, иш ҳақи, ўқиш ва бошқа маълумотларни тасдиқловчи архив маълумотномасини олишда ташкилотлар ҳужжатларини тез қидириб топиш учун шароитлар яратиш мақсадида ташкилотларнинг давлат архивида сақланаётган ҳужжатлари бўйича маълумотларнинг электрон-қидирув базаси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Илмий-техник ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архиви ва Тошкент шаҳри давлат архивида ахборот киосклари ўрнатилган бўлиб, уларда архив ҳужжатларининг маълумотлар базаси сақланади.

Келажакда “Архив маълумотномаларини беришнинг интеграциялашган ахборот тизими” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу маълумотномаларнинг дастлабки архив ҳужжатларига мувофиқлигини тўлиқ назорат қилишнинг очиқлигини таъминлаш, архив маълумотномаларини сохталаштириш ёки қалбаки маълумотномалардан фойдаланишнинг олдини олиш, ҳужжатларнинг истаган пайтда архивга бориб ҳамда масофадан туриб текшириш имконини беради. 


ЎзА, Р.Бондарчук
13 649