ЎзА Ўзбек

09.08.2018 11:14 Чоп этиш версияси

Ахборот тарқатишнинг муҳим ва қулай воситаси

Ахборот тарқатишнинг муҳим ва қулай воситаси

Жиззах вилояти ҳокимлигининг янгиланган расмий веб-сайти ишга тушди. Аввалгисидан фарқли янги веб-сайтда ахборот бериш ҳажми кенгайтирилиб, фойдаланувчиларга бир қатор қулайликлар яратилган.

Ўзбек ва рус тилларидаги маълумотлар жойланадиган янги сайтда материаллар ҳажми илгаригига нисбатан ўн бараварга ортди.

Айни пайтда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ҳудуд ҳаёти янгиликлари, ҳокимлик фаолияти ҳақида ахборотлар мунтазам бериб борилаётир.

Бундан ташқари, янги веб-сайтда имконияти чекланган шахслар учун қўшимча қулайлик тақдим этувчи функциялар ўрин олган. Веб-сайтнинг “Видео лавҳалар” бўлимида видеоматериаллар бериб борилади. Веб-сайтдаги маълумотлар матн, инфографика ва фойдаланувчилар учун бошқа қулай услубларда берилади.

Бугунги кунда UZ доменида барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, вилоятдаги 100 дан зиёд корхона ва ташкилотларнинг веб-сайтлари ишлаб турибди.

– Вилоятда веб-сайтларнинг техник таъминоти бўйича хизмат кўрсатадиган ташкилотлар ҳам, олий маълумотли ёш мутахассислар ҳам етарли, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Маҳмуд Ғиёсов. – Бошқармамиз тизимида веб-сайтларга хизмат кўрсатувчи кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш, дастурий маҳсулотлар билан таъминлаш хизмати йўлга қўйилган. Бундан ташқари, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи юридик шахс мақомига эга бўлган бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда.

Т.Бекназаров, ЎзА
5 655