Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 19:14 Чоп этиш версияси

Ахборот соҳасининг ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари: ахборот соҳасининг ривожланиш истиқболлари” мавзуида семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодиёт, Молия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Матбуот ва ахборот агентлигининг масъул ходимлари, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Парламент қуйи палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ахборот соҳасини яқин ва ўрта муддатли истиқболда ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Телекоммуникация тармоқлари, симсиз ва мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиши, унинг рақобатбардошлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Жорий йилда мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларидан шаклланадиган маблағларнинг давлат бюджетига йўналтириладиган улуши бевосита абонент рўйхатга олинган жойдаги маҳаллий бюджетга ўтказиб берилади. Бу минтақаларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш имконини яратади.

2017 йилда маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини рағбатлантириш чораларини янада кучайтириш бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиёти давом эттирилади. Хусусан, маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларга солиқ ва бошқа имтиёзлар тақдим этилиши 2020 йил 1 январгача узайтирилди. Бу мазкур тармоқ миллий иқтисодиётнинг сердаромад, инновацион секторига айланишига хизмат қилади.

Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 17 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари кўрсатадиган хизматлар учун белгиланган солиқ имтиёзлари 2020 йил 1 январгача узайтирилган. Ушбу имтиёзлар ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, ёшларда китоб ўқишга муҳаббатни шакллантириш, жамиятда муҳим ва ишончли ахборотларни тарқатиш борасидаги ролини янада ошириш имконини беради.

Биринчи Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ оммавий ахборот воситаларига тақдим этилаётган имтиёзларнинг яна икки йилга узайтирилиши тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, журналистлар меҳнатини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш, миллий масс-медиа воситаларининг рақобатбардошлигини оширишга замин яратади.

Оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан грантлар ажратиш, субсидия ва давлат буюртмалари шаклида кўрсатилиши давом эттирилмоқда.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
1 811






Все о погоде - Pogoda.uz