ЎзА Ўзбек

14.08.2018 16:33 Чоп этиш версияси

Академикларга янги намунадаги гувоҳномалар топширилди

Академикларга янги намунадаги гувоҳномалар топширилди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Фанлар академиясининг академикларига янги намунадаги гувоҳномалар топширилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, илм-фан доираси вакиллари, академиклар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.

Президентимиз раҳбарлигида 2018 йил 20 июль куни Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув бўлиб ўтган эди. Мулоқотда академиклар гувоҳномасининг янги намунасини ишлаб чиқиш, академикларни гувоҳнома билан тегишли вазирликлар ва идораларга ҳеч қандай тўсиқсиз киришини таъминлаш юзасидан билдирилган таклифлар тўлиқ қўллаб-қувватланди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан академикларнинг янги намунадаги гувоҳномаси ишлаб чиқилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов академикларнинг янги намунадаги гувоҳномасини тантанали топширди. Ушбу гувоҳнома академикларнинг мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги таълим муассасаларида академиклар иштирокида ёшлар билан учрашувлар ўтказилди. Олий ўқув юртларида профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, 23 докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди, 5 та монография ва 100 дан ортиқ илмий мақола, тезис чоп этилди. Академиклар 36 та давлат илмий-техника дастурларида иштирок этмоқда.

Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг 91 нафар аъзоси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатмоқда.

– Давлатимиз томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами олдидан биз, соҳа ходимларига берилаётган бундай эътибор ва имкониятлардан миннатдормиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси А.Абдукаримов. – Янги намунадаги гувоҳномалар фаолиятимизни янада ривожлантиришга кенг йўл очади. Кўп йиллардан буён Геномика ва биоинформатика марказида илмий фаолиятимни олиб бормоқдаман. Ўтган вақт давомида соҳада кўплаб тадқиқотларни ўтказдик. Жумладан, картошканинг серҳосил, ғўзанинг янги 10 дан ортиқ навлари яратилди. Ҳозирги кунда ҳам шу изланишларни давом эттирган ҳолда шогирдларим билан доривор ўсимликларни инвитро ҳолатда кўпайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
6 303