Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2018 15:04 Чоп этиш версияси

Академик лицейга қабул бошланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилидан мамлакатимизда Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ташкил этилди.

Ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмага эга, ақлан ва жисмонан етук ёшларни тарбиялаш, ўқувчиларни Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли чуқур тайёрлаш ушбу академик лицейларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Самарқандда ҳам чет тиллар институти қошидаги академик лицейи тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейи фаолияти йўлга қўйилди.

– Қарор талабидан келиб чиқиб тугатилган академик лицейнинг учинчи босқич ўқувчилари белгиланган тартибда амалдаги ўқув дастурлари ва таълим шарт-шароитлари бўйича ушбу таълим муассасаси ўқув биносида ўқишни якунлаши белгиланиб, улар Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали академик лицейи ўқувчилари сафига киритилди, – дейди академик лицей директори, подполковник Актам Усмонов. – Биринчи ва иккинчи курс ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилганидан сўнг жами 565 нафар ўқувчи янги академик лицейда ўқишни давом эттирадиган бўлди. Улар белгиланган тартибдаги намунавий ўқув режа ва дастурлар асосида дарс машғулотларида қатнашмоқда. Яқинда ушбу ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказиб, келажакда ички ишлар идораларида ишлаш истагини билдирган, соҳа бўйича ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ўқувчилар рўйхатини шакллантирдик ва ички ишлар вазирлигига тақдим этдик.

Ўз навбатида, академик лицей ўқитувчилари таркиби, уларнинг касбий тайёргарлик даражаси ва янги талабларга мос келишини аниқлаш мақсадида педагог ходимлар аттестациядан ўтказилди. Ҳуқуқшунослик бўйича дарс машғулотлари кўплиги эътиборга олиниб, танлов асосида мутахассис кадрлар ишга қабул қилинди.

Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган режа асосида бошқарма соҳавий хизматларининг тажрибали ходимлари келиб, дарс машғулотлари олиб бораяпти.

Қарорда белгиланганидек, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклига қабул фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари таркибидан амалга оширилади.

Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ва Ҳарбий техника институтига ўқишга киришда идоравий академик лицей битирувчилари учун уларга тест синовларида тўплаши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча баллар тарзида имтиёз берилади.

Ушбу олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган академик лицей битирувчилари эса устунлик асосида ички ишлар органлари хизматига қабул қилинади.

Бундай имтиёз ва имкониятлар туфайли академик лицейда ўқишга талабгорлар кўпайиши табиий. Лекин муассасага қабул ички ишлар органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланишини ҳисобга оладиган бўлсак, энг муносиб ёшларгина ўқишга танлаб олиниши ойдинлашади. Яъни қабул жараёни босқичма-босқич комплекс танлов асосида амалга оширилади. Ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар дастлабки танлов, махсус-профессионал танлов ва тест синови топширадилар.

Дастлабки танловда номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотлар кўриб чиқилади. Ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказилади, индивидуал-психологик хусусиятлари ўрганилади, номзод билан якка тартибдаги дастлабки суҳбат бўлади.

Махсус-профессионал танловда номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида ёзма иш (диктант) олинади, жисмоний тайёргарлик бўйича синов топширади.

Тегишли ихтисослик фани бўйича халқаро олимпиадаларнинг мамлакат босқичи, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказилган танловлар ва мусобақалар ғолиблари, ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари дастлабки ва махсус профессионал танлов талабларига жавоб берса, академик лицейга тест синовларисиз қабул қилиниш ҳуқуқига эга.

Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.

Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларида ўқишни назарда тутган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари талабларига мувофиқ, ўқувчиларни чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, интеллектуал ривожланишини таъминлаш мақсадида 2018-2019 ўқув йили учун академик лицейга вилоят ҳудудида яшовчи, умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларидан аризалар қабул қилиш бошланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
18 763