Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 12:49 Чоп этиш версияси

Аграр университети олимлари зараркунанда ҳашаротларга қарши курашишнинг инновацион усулини кашф этди

Аграр университети олимлари зараркунанда ҳашаротларга қарши курашишнинг инновацион усулини кашф этди
Ушбу кашфиёт Наманган вилоятининг Норин туманидаги “Беш сада” фермер хўжалиги даласида Президентимизга намойиш этилиши кутилмоқда.

Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар тунлам капалакларига қарши курашишда янги усул – ёриткичли тутқич мосламасини таклиф қилмоқда. Маълумки, кўпгина зараркунанда капалаклар тунда фаол бўлади. Шунинг учун бундай капалаклар тунлам капалаклар дея юритилади.

Ушбу кашфиётнинг аҳамияти шундаки, пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ экинларига катта зарар келтирадиган тунлам капалакларини кечқурун махсус қутидан тараладиган ёруғлик ёрдамида бир жойга тўплаш мумкин. Ушбу ускуна боғ, ғўза ва бошқа экинлардаги зарарли тунлам капалакларини камайтириш, уларнинг қишловдан чиқиш ва ялпи учиш муддатларини аниқлаш, капалакларнинг тур таркибини, кўпайиш зичлигини аниқлаш, тарқалиш майдонини белгилаш мақсадида қўлланилади. Бундан ташқари ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги турли илмий тадқиқотларда ҳам кенг фойдаланиш имкони мавжуд.

photo5424728748265155004.jpg 
 
– Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишда турли усуллар қўлланмоқда, – дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази бош директори Шуҳрат Тешаев. – Жумладан, пахта далаларида феромон тутқич усули татбиқ қилинмоқда. Бунда ёғоч дастакка маҳкамланган қоғозга урғочи тунлам капалаги гармони суртилган махсус елим ёрдамида эркак капалаклар тутилади. Янги усулнинг афзаллиги, унда барча капалакларни баравар тутиш имкони мавжуд.

Ёриткичли тутқични нафақат пахта ва ғалла майдонларида, балки, боғ ва сабзавот экинлари далалари, томорқаларда ҳам қўллаш мумкин. Энг муҳими, тутқич ёрдамида зараркунандаларга қарши курашишда иш самарадорлиги 60-70 фоизни ташкил қилади. Ушбу ускуна деҳқончилик мавсумида 1500 дан 2200 тагача зарарли қуртлар тарқалишининг олдини олиб, ғўзада ўртача 300, помидорда 600, дуккакли экинларда эса 150 кг. ҳосилни сақлаб қолиш имконини беради.

 photo5424728748265155005.jpg

Матназар Элмуродов, ЎзА
10 155