ЎзА Ўзбек

10.05.2019 12:10 Чоп этиш версияси

ЎзА минбари: Агар айбим тасдиқланса, яна 19 йил озодликдан маҳрум этишларига розиман

ЎзА минбари: Агар айбим тасдиқланса,  яна 19 йил озодликдан маҳрум этишларига розиман

Тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида 1990 йил 6 июнь куни Ургут шаҳрида биринчилардан бўлиб “Рисола” кўп тармоқли, савдо, ишлаб чиқариш фирмасини давлат рўйхатидан ўтказиб, йиллар давомида аҳолига кўплаб иш ўринлари яратдик. Хусусий кўп тармоқли фирмадан тушган даромад эвазига солиқларни ўз вақтида тўлаб, қолган соф фойда ҳисобидан савдо ва ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа иншоотлар қуриб, янада кўпроқ аҳолини иш билан таъминладик.

Жумладан, макарон, музқаймоқ, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, эшик-ромлар, металл панжаралар, иситиш қозонларини ясаш, тикув цехи ва шу каби бошқа ҳунармандлик цехлари – жами 15 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритар эди.

1990-2008 йиллар давомидаги фаолиятим натижасида “Ташаббус–1999” кўрик-танловининг Республика босқичида фахрий биринчи ўринни эгалладим.

“Рисола” фирмамизда 2007 йил 10 сентябрь куни Давлат солиқ инспекцияси буйруғи билан асоссиз равишда навбатдан ташқари координацион текширув ўтказилди. 2007 йил сентябрь ойидан 2008 йилнинг июль ойига қадар ушбу фирма ва ишчи хизматчилари, менинг ўзимга нисбатан ўйлаб топилган туҳматлардан иборат айблар билан 7 марта жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Бўйнимга қўйилиши режалаштирилган айблар ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, 2008 йил 17 июль куни такрорий сўроқсиз мени ҳибсга олишди. Менга сўроқсиз, тегишли юзлаштириш-тергов ҳаракатларини олиб бормасдан, “хуфиёна раҳбар”, деган тамға қўйилди. 2009 йил 10 февраль куни мол-мулким мусодара қилинди. Давлатга 1.723.638 минг сўм етказилган зарарни солидар тартибда бошқа судланувчилар билан бирга ундириш, ўзимни 19 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида судья М.Шерйигитов томонидан мутлақо қонунга хилоф ҳукм чиқарилди.

Ҳибсдалигимда суд ҳукмидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига мурожаат қила бошладим. 2016 йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ЖИБ судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида раислик қилган судья У.Расулбердиев Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари томонидан назорат тартибида келтирилган протестини кўриб чиқиб қуйидагиларни аниқлади:

“Ҳукмнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852- моддаси 2-қисми бўйича Х.Муртазоев айбли деб топилган қисми бекор қилиниб, шу қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига кўра тугатилган.

Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” бандидан ЖКнинг 168-моддасининг 1-қисмига ҳамда 28-моддаси ва 210-моддасининг 1-қисмига қайта квалификация қилинган.

ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 188-моддасининг 3-қисми “а”, “б” бандларидан ЖКнинг (янги таҳрирдаги) 188-моддасига 189-моддасининг 3-қисмидан 189-моддасига қайта квалификация қилиб, 18 йилу 6 ой белгиланган жазони 2016 йил 31 март куни ЖКнинг 59-61-моддалари таркибида қайд қилинган жазо қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, (яъни жазо 5 йилу 2 ойга муддатга қисқартирилган)”.

Бундан ташқари, 2016 йил 18 апрель № 1-ЖЮМ/168-16-сонли Самарқанд вилоят судининг жавоб хатида 2009 йил 10 февралдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “б” бандлари билан судланган Ҳалим Муртазоевга нисбатан ҳукмга асосан “Ургутшаробсавдо” унитар корхонасига Ҳ.Муртазоевнинг ҳисобидан моддий зарар ундириш белгиланмаган”лиги кўрсатилган.

Суднинг 2009 йил 10 февралдаги ҳукмига кўра, “Ургутшаробсавдо” мансабдор шахслари томонидан йўл қўйилган камомадлари бўйича “хуфиёна раҳбар” деб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167,186, 209-моддалари билан айбдор деб топилдим. Ваҳоланки, бугунги кунги тинимсиз ҳаракатларим туфайли Самарқанд вилоят прокурорининг 2018 йил 3 декабрдаги № 17,453-18-сонли жавоб хатида “Ургутшаробсавдо” томонидан етказилган зарарларни ундириш ҳақидаги низо юзасидан тегишли ҳудудий судга мурожаат қилиш ҳуқуқим борлиги кўрсатилган.

Мен 2017 йил 31 март куни озодликка чиқиб, тадбиркорлик фаолиятимни давом эттириш мақсадида ўзимга тегишли бўлган “Рисолатбегим” ва “Бинни Фарҳод” ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳужжатларини қонуний расмийлаштириш учун Ургут тумани ва Самарқанд вилоятининг тадбиркорликка оид тегишли мутасадди раҳбарларига ўрнатилган тартибда мурожаат қилдим. Улар “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутиб, 2 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланишимга йўл бермайди. Агар менга имкон берилганда 150 кишини мунтазам иш билан таъминлаган бўлардим.

Ургут туманида жойлашган муқаддам “Обод-эл-нур” хусусий корхонасига тегишли икки қаватли иншоот ва ёрдамчи биноларни аукцион савдосида қатнашиб сотиб олган эдим. Ушбу кўчмас мулкни қайтариб беришмаяпти. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ниёзбек йўли кўчасидаги кўчмас мулк ҳисобланган савдо дўконим тортиб олиниб, у ердаги мулким ўзлаштириб юборилган. Аризаларим ҳамон ҳал қилинмаяпти.

Агар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 15 та моддаси бўйича қўйилган айбларнинг бирортаси бўйича менинг айбим тасдиқланса, такроран яна 19 йилга озодликдан маҳрум этишларига розиман.

Ҳалим Муртазоев, тадбиркор
Самарқанд вилояти.

ЎзА
27 559