ЎзА Ўзбек

07.09.2018 10:43 Чоп этиш версияси

ОНЛАЙН. “Afrosiyob”нинг янги манзили

ОНЛАЙН. “Afrosiyob”нинг янги манзили

"Тошкент – Шаҳрисабз – Тошкент" йўналишида замонавий “Afrosiyob” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиши муносабат билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиатур ташкил этилди.

Эрта тонгдан узоқ манзилга отланган йўловчилар, хорижлик меҳмонлар Тошкент марказий вокзалидан йўлга чиққан тезюрар поездидаги шароитлардан мамнун.

Шу пайтга қадар "Тошкент-Қарши" йўналиши бўйича "Afrosiyob" тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қисқа фурсат ичида “Қарши-Шаҳрисабз” темир йўл линиясини модернизация қилиш ва электрлаштириш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди. Умумий узунлиги 124 километрдан иборат бўлган ушбу лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тажрибали мутахассислари томонидан қисқа муддатда сифатли қилиб амалга оширилди. Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган масофада 3 вокзал қурилиб, бир нечта станция тубдан таъмирланди.

f935e9c9-608a-4979-9240-183ca0b6751d.jpg 

Шунингдек, ушбу йўналишда янги кўприклар, сунъий иншоотлар бунёд этилди. Бундай бунёдкорлик ишларига 100 га яқин замонавий техника ва 300 нафарга яқин мутахассис жалб қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, лойиҳа доирасида режалаштирилган 94 километр масофада электрлаштириш билан боғлиқ барча ишлар соҳа мутахассисларининг истиқлол йилларида тўплаган тажрибаси туфайли ўз вақтида тўлиқ амалга оширилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ бугун замонавий “Afrosiyob” электропоездининг Шаҳрисабзгача мунтазам қатнови йўлга қўйилиб, юртимиз аҳолиси ва меҳмонларга мустақиллик байрами ҳамда кўҳна Кешда ўтказилаётган Мақом санъат анжумани арафасида муносиб туҳфа бўлди.

19d3df97-1a49-4748-a1d2-c251e4fbbdd1.jpg

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши, энг аввало, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш сифатини оширади. Табиийки бу ушбу ҳудудга келадиган сайёҳлар сонининг ортишига ҳам хизмат қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати мазкур электрлаштириш лойиҳаси натижасида йилига 10 минг тоннадан зиёд дизел ёнилғиси иқтисод қилинади. Натижада атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ривожлантиришга имкон яратилади.

c004ee3f-0ea9-46f5-bf5e-cddfbf096fb8.jpg

Медиатур давомида журналистлар ҳам ушбу жараёнларни кузатиб, соҳа ходимларидан мавзуга доир саволларига жавоб олди.

А.Мусаев, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА
11 189