ЎзА Ўзбек

24.08.2018 20:55 Чоп этиш версияси

Афғонистон ёшлари учун замонавий шароитлар

Афғонистон ёшлари учун замонавий шароитлар Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган минтақавий ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Термиз давлат университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази профессор-ўқитувчилари, пойтахтимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларининг Термиз филиаллари директорлари иштирок этган семинарда мамлакатимиз таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлар учун ҳам малакали мутахассислар тайёрлашда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази бунинг ёрқин тасдиғидир.

1 (2).jpg

Жорий йилда фаолият бошлаган марказда афғонистонлик ёшлар ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганиши учун барча шароит яратилган. Кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, талабалар турар жойи, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва спорт майдончалари, ошхона қўшни давлат ёшларига хизмат қилмоқда. Бинода ўзбек тили ва адабиёти, кимё, физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар фаолияти йўлга қўйилган.

Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудиотўпламлар дисклари билан жиҳозланган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган. 10 га яқин тўгарак фаолият юритмоқда.

Айни пайтда 300 ўринли талабалар турар жойи, 400 ўринли ошхона, новвойхона, ҳаммом ва кир ювиш иншооти қурилиши қизғин давом этмоқда.

Бу йил муҳташам ўқув даргоҳида 96 нафар афғонистонлик ўғил-қиз ўзбек тили ва адабиёти, 35 нафари темир йўл транспорти мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилиниб, дастлабки ўқув йилини муваффақиятли якунлади.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари О.Абдураҳмонов, марказ директори О.Рўзиев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек тили ва адабиёти факультети декани Б.Абдишукуров ва бошқалар 2018/2019 ўқув йилида афғонистонлик талабаларга сифатли таълим бериш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, таълим жараёнига жалб этилаётган профессор-ўқитувчилар, ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар, аудиторияларда яратилаётган шароитлар ҳақида гапириб, таълим самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар билдирди.

– Афғонистонлик талабалар ўртасида илмга чанқоқ, иқтидорли, изланувчан ёшлар кўп экан, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори З.Холмонова. – Фан сирларини пухта ўргатиш учун алоҳида ҳозирлик кўрилди. Талабалар учун янги ўқув дарсликлари яратилди. Бу жараёнда афғонистонлик ўзбекларнинг ибратли мақолларидан фойдаланилди. Ҳикматли бу сўзларнинг кўпчилиги биз учун янгилик бўлди. Келгусида илмга чанқоқ афғон талабалари учун магистратура бўлимини ташкил этиб, ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий иш билан шуғулланишига кўмаклашсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўқув-семинар иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, янги ўқув мавсумига кўрилган тайёргарлик ишларини муҳокама этди. Ўқув йилини муваффақиятли ўтказиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
4 344