ЎзА Ўзбек

16.02.2019 Чоп этиш версияси

Афғон уруши қатнашчисининг бошқаларга ўхшамаган ҳаёти

Афғон уруши қатнашчисининг бошқаларга ўхшамаган ҳаёти

Бугун 15 февраль собиқ совет аскарларининг афғон ҳудудидан олиб чиқиб кетилганига 30 йил бўлди.

* * *

Ҳафтанинг ҳар жума куни полковник оқ кўйлак, шимларини кийиб бандаргоҳга шошилади. У минг кунлик урушнинг фахрий иштирокчиси. 

Ўн беш йилдирки, полковник унга аталган хат келишини кутади.

Ўн беш йилдирки, фақат жума кунлари киядиган, унниқиб кетган қора туфлисини артиб тозалайди. Унинг бисотидаги ёлғиз шу кийимлари ҳеч қачон келмайдиган почтани кутиб олиш учун махсус кийилади.

Ўн беш йилдирки, полковник ҳар жумада бандаргоҳга одамлар тўпланмасидан олдин биринчи бўлиб, етиб келади.

Ўн беш йилдирки, полковник “қўнув”чи ҳар бир кема ҳаракатини ёдлаб олган. Узоқдан почта элтувчи кема кўриниши билан унда яна умид уйғонади, балки ўша хатлар орасида унга аталган нома ҳам бордир...


8c18c444-8e5c-4235-b083-c3e0bb6efe82.jpg


* * *

Юқорида тасвири келтирилган Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” асаридаги унутилган афтодаҳол полковникнинг ҳаётдаги тимсоли Ўзбекистоннинг олис бир қишлоғида ҳам яшаб келмоқда.

Биз сўз юритмоқчи бўлаётган қаҳрамон 1980 – 1983 йиллар орасида афғон урушида қатнашди. Нақд жаҳаннамнинг ўзгинасидан тирик қайтган уруш фахрийси бугун Бухородаги деҳқон бозорида арава тортиб кун кўрмоқда.

У ҳам мана ўттиз йилдирки, кимдир йўқлаб келишини, урушдаги жасоратини ёд этиб, ҳол сўрашини илҳақ кутади.

Ўттиз йилдирки, телеканаллар орқали уруш фахрийлари қатнашган тантаналарни кўрса, уларнинг ёнида ўзини тасаввур этиб яшайди.

Ўттиз йилдирки, қайсидир уруш фахрийси хонадонини йўқлаганларини эшитса, “келаси йил мени ҳам йўқлашармикан”, дея умид қилади.

Мана ўттиз йилдирки, фарзандлари ва невараларининг “Сизни ҳам кимдир йўқлайдими?” деган саволларига жавоб тополмай қийналади. У бугун ҳеч кимдан на уй ва на пул илинжида эмас. Унга озгина эътибор, ҳурмат бўлса, бас. У Габриэл Гарсиа Маркеснинг полковниги каби унутилганига ишонмайди.

* * *

Афғон урушидан тирик қайтганлар бугун орамизда кўп эмас. Улар тинчлик неъматини қадрлайдиган инсонлар.

Бир пайтлар жангга кириб, ўз бурчини адо этган шахсни бугун бозорда арава тортишга нима мажбур қилмоқда?

Ўттиз йилдирки, Ватан ҳимоячилари кунида уруш фахрийсининг нигорон кўзлари эшикка қадалади...

Ўттиз йилдирки, йўқловчиларга ёзилган дастурхон атрофида у кутган одамлар кўринмайди. 


cba4946b-55a0-4bb1-b90e-c032ff8dca87.jpg


* * *

1989 йилнинг 15 февраль кунида Амударёнинг икки қирғоқларини бирлаштириб турган Ҳайратон кўпригидан совет қўшинлари олиб чиқилган. 

Бизнинг қаҳрамон ҳам бу кунни яхши эслайди.

32aafeca-2d41-4017-8ead-810d957fc5b0.jpg

Бухоронинг чекка бир қишлоғида, шаҳарнинг чиройли ва қулай уйларидан тамомила фарқ қиладиган кичик бир ҳовлида Абдураҳим ота оиласи билан истиқомат қилади. У бугуннинг одамларига ўхшамайди. Дунёда ҳар бир ўтган кунидан рози, миннатдор бўлган одамни учратиш амримаҳол. Инсон борки, ками-кўсти бор, доим кимдандир ёки нимадандир нолиб юради. Абдураҳим ота эса ундай эмас. Турмуши қанчалар оғир бўлмасин, бир кунидан нолиган эмас. У ёши олтмишга бориб қолганига қарамай, ҳар тонг эрта уйғониб Ғиждувон бозорига шошилади. Қишлоқнинг ўнқир-чўнқир кўчаларида “Дамас”да сакраб-сакраб 2 минг сўмга манзилига етиб олган Абдураҳим ота бозорда аравада юк ташийди.

Отанинг ёши катта бўлишига қарамай, оғир меҳнатдан қочмайди. “Араванинг юклари” афғон уруши хотираларидек оғир эмас”, дейди қаҳрамонимиз. У азалдан ҳаётнинг унча-мунча қийинчиликларини писанда қилмаган. 1980 – 1983 йилларда афғон урушида хизмат қилган. Урушнинг даҳшатли кунларига гувоҳ бўлган. Ҳарбий операцияларда қатнашган ва соғ-омон уйига қайтиб келган.

У ўз қишлоғида ҳар бир ўтган кунидан рози яшаб келмоқда. Абдураҳим ота аскарликни ўтаб қайтган даврда олган ҳужжат, медаль ва суратларини сақлаб келади. Вақти-вақти билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида уларни сандиқдан олиб бир кўздан кечиради. Невараларига хотираларини сўзлаб беради, телевизор орқали ҳарбий парад ва байрамлар намойиш этилганда, уларни завқ билан томоша қилади.

85123518-5a43-4996-b7dd-532df188b220.jpg

Уруш тугаган, орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди, лекин инсон кўнгли барибир кичик бўлса-да, эътиборга муҳтож қолаверар экан. Абдураҳим ота ҳам бозорда арава тортиб кун кўрар экан, уни бир куни хотира байра
мларида йўқлаб қолишларини орзу қилади.

* * *

Юқорида келтирганимиз – бизнинг қаҳрамон Габриэл Гарсия Маркеснинг полковнигига нега ўхшашини тушуниб етдингизми?

Полковник ҳам Колумбиядаги минг кунлик уруш тугаб сиёсий вазият ўзгарганига қарамай, муносиб қилган хизмати учун пенсия пулларини кутиб яшар эди. Унинг эски туфлиси, урфдан қолган кўйлак шимлари у учун нақадар азиз эди. Полковник уларни ҳар жума пенсия хабарини олиш учун киярди.

Қаҳрамонимиз Абдураҳим отанинг ҳам замонавий бўлмаса-да, одми костюм-шими бор, кўкрак қисмига медаллар илинган. Бу медаллар эса қаҳрамонона хизматлари учун берилган. Бизнингча, улар шунчаки унут бўлишга лойиқ эмас.


P/S: Ушбу мақола барча афғон уруши қатнашчилари тақдири шундай деган маънони билдирмайди. Айни пайтда мамлакатимизда афғон уруши қатнашчиларининг аксарияти тегишли имтиёзлардан фойдаланиб келмоқда. Булар ҳақида навбатдаги мақоламизда танишасиз.

17 466
Анора Содиқова, ЎзА