Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.07.2018 18:00 Чоп этиш версияси

АЭС – цивилизацион тараққиёт белгиси

АЭС – цивилизацион тараққиёт белгиси
Экологик тоза ва зарарсиз энергия – халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилади.

Ўзбекистонда 85 фоиз электр энергияси газ, кўмир ва мазут каби угдеводородларни ёқиш ҳисобига иссиқлик электр станцияларидан олинади. Қолган қисми эса гидроэлектр станциялар ҳисобига тўғри келади. 

Зеро, табиий газни электр энергия учун ёқиб юборгандан кўра, уни саноатда хомашё сифатида ишлатиш ёки чет мамлакатларга экспорт қилиш мамлакатга фойда келтирган бўлар эди. Мисол учун, Бирлашган Араб Амирликлари бой нефть захирасига эга бўлишига қарамай, 4 атом электр станцияси қуришни режалаштирган.

Президентнинг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янги гидроэлектростанциялар қуриш ва мавжудларини техник қайта жиҳозлаш орқали 2025 йилга келиб, 2016 йил ҳисобидан гидроэнергияни 1,7 баробар ошириш мўлжалланган. Лекин гидроэнергиянинг умумий энергетикадаги улуши кўп эмаслиги ҳамда Ўзбекистон сув ҳавзаларининг мавсумий ўзгариб туришини инобатга олсак, қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар мамлакатимиз энергетикаси муаммосини фақат қисман ҳал этиши мумкин.

Аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжи кун сайин ошиб боряпти. Шуни инобатга олиб айтиш мумкинки, юртимизда атом электр станцияси (АЭС) қуриш бу борадаги вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий 10 июль куни мамлакатимизда мутлақо янги соҳа бўлган атом энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда давлатимиз раҳбари шундай объектларни қуриш бўйича ривожланган давлатлар тажрибаси асосида иш тутиш, атом электр станциясини жойлаштириш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш ва геологик-қидирув ишларини сифатли бажариш бўйича топшириқлар берди.

Маълумки, атом электр станцияси қуриш ва ундан фойдаланишда энг замонавий ва мураккаб технологиялар қўлланилади. Бунинг учун эса чуқур билим ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар керак. Шу боис Тошкентда физика соҳасида дунёда етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг бу борадаги тутган ўрни жуда катта аҳамият касб этади. Ядро физикаси институти олимлари АЭС қурилиши лойиҳасининг асосий ташкилотчиларидан биридир. Шунингдек, АЭСни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш учун минглаб мутахассислар тайёрлаб беришга масъул муассаса ҳисобланади. Бунинг учун келгусида Ўзбекистоннинг бир қатор олий таълим даргоҳларида ядро физикаси кафедраларини очиш устида иш олиб борилмоқда.

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда атом электр станциясининг ишга туширилиши мамлакатни иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий жиҳатдан юксалтиради.

С.Эгамов, 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ядро физикаси институти
илмий котиби, физика-математика
фанлари номзоди, катта илмий ходим

ЎзА
7 270