ЎзА Ўзбек

02.03.2018 20:10 Чоп этиш версияси

ADWEEK ҳафталиги якунланди

ADWEEK ҳафталиги якунланди Пойтахтимизда ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасида маркетинг конференцияси, маркетинг ва реклама кўргазмаси, реклама танлови ҳамда инновацион ярмарка, панелли мунозаралар бўлиб ўтди.

“Миллий маркетинг маркази” корхоналар уюшмаси томонидан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда маркетинг соҳасини ва рекламани такомиллаштиришга қаратилгани билан муҳимдир. Шу билан бирга, бундай чора-тадбирлар ушбу йўналишларда фаолият юритаётган мутахассисларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда ўз самарасини беради.

Айниқса, “International” меҳмонхонаcида ўтказилган маркетинг ва реклама кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда мамлакатимизнинг реклама агентликлари, дизайн-студиялар, web-студиялар, матбаа корхоналари, медиа агентликлари, маркетинг агентликлари иштирокчиларни ўз фаолияти билан яқиндан таништирди.

3.JPG

– Кўргазмада йигирмадан ортиқ компания ва корхона ўз имкониятларини намойиш этди, – деди “Миллий маркетинг маркази” корхоналари уюшмаси бошқаруви раиси Д.Мирзааҳмедов. – Бу жараён улар учун нафақат мижозлар жалб қилиш, балки ходимлари учун соҳаси бўйича билим ва тажрибасини оширишга пухта замин яратди. Қолаверса, бу кўргазма маркетинг бозорида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишиш учун манба бўлди.

ADWEEK реклама танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўзига хос тарзда ташкил этилди. Унда компания, корхона ва олий таълим муассасалари талабаларининг 250 дан ортиқ иши кўриб чиқилди. Якуний натижага кўра, “Реклама соҳасидаги ютуқлари учун”, “Реклама соҳасидаги хизматлари учун” ва “Рекламани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва совғалар билан тақдирланди.

9 (3).JPG

– Танлов ғолиби бўлганимиздан хурсандмиз, – деди “Зийнат дизайн” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шерзод Эркабоев. – Бугунги ютуқ ўтган йиллар мобайнида тўплаган тажриба ва саъй-ҳаракатимиз натижаси, албатта. Кўплаб мижозларга эга корхонамиз фаолияти учун бундай ишонч ва эътибор бизни янада аъло даражада ишлашга ундайди. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз.

Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
10 227