ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Адвокатурага оид қонунчилик ҳақида Адвокатлар палатаси раиси ўз фикрини билдирди

Адвокатурага оид қонунчилик ҳақида Адвокатлар палатаси раиси ўз фикрини билдирди
“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига киритилаётган таҳририй ўзгартишлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шу муносабат билан Адлия вазирлигида Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов ва унинг ўринбосари Шуҳрат Чўллиев иштирок этди.

Томонлар юзага келган тушунмовчилик юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилди. Сенаторлар янги меъёрлар адвокатлик фаолиятига бирон-бир янги чеклов киритмаётганини қайд этди. Фақат қонунчилик замонавий технологиялар ривожлангани туфайли шунга мослаштирилган, холос. Шу боис адвокатлик ҳамжамияти ва фуқароларда хавотир олишга ҳеч қандай асос мавжуд эмаслигини таъкидланди.

Бугунги кунда айнан шу ҳаракатлар учун прокурор санкцияси олиниши шартлиги амалдаги қонунда белгиланган. Бундан ташқари, айнан шундай қоида судьяларига нисбатан ҳам белгиланган. Шу билан бирга, санкциялар босқичма-босқич прокуратура органларидан судларга ўтказилаётганлиги ҳам қайд этилди.

Ўз ўрнида, Адвокатлар палатаси раиси, тегишли қонун ҳужжатига кўра, адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари палата билан ҳамкорликда ишлаш зарур бўлсада, айнан шу қонун лойиҳаси бўйича палата жалб қилинмаганлиги мамлакатдаги очиқлик сиёсати шароитида адвокатлар ҳамжамияти эътирозларига сабаб бўлаётганлигини таъкидлади.

Учрашувда юзага келган масалани тегишли идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилишга ҳамда адвокатура институтини ривожлантириш ва жамиятда адвокатлар мавқеини ошириш борасида ҳамкорлик қилишга келишилди.

881
ЎзА