ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Қадриятлар улуғ, анъаналар бардавом

Қадриятлар улуғ, анъаналар бардавом

Термиз шаҳрида мамлакатимизда жорий этилган карантин талабларига қатьий риоя қилинган ҳолда “Аждодлардан авлодларга ўтар анъана” мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, катта ҳаёт тажрибасига эга ёши улуғ отахонлар, кайвони онахонлар иштирок этди. 

Тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Б.Норов, Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари – шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи А. Каримов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалланинг нуфузини мустаҳкамлаш, оилалар тинчлиги, тўкинлиги ва фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга алоҳида аҳамият берилаётгани қайд этилди.

02.jpg

Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ мамлакатимизда маҳалла ва оилага кўмак берадиган янги тузилма ташкил этилиб, улар фаолияти бир тизимга солинди. Бунда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бирлаштирилиб, янги тузилма ташкил этилди. Фуқаролар йиғини зиммасида бўлган 200 дан ортиқ вазифанинг 46 таси, профилактика инспекторидаги юздан зиёд вазифанинг ўндан ортиғи бекор қилиниб, уларнинг бевосита оилалар билан ишлаши учун қулай муҳит яратилди. 

–Қадриятлари улуғ, анаъаналари бардавом миллатмиз, – дейди Термиз шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича ўринбосари Н. Останақулов.– Кейинги йилларда маҳалла ва оила институтини қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар асрлар давомида халқимиз қалб қўрида сақлаб келган бебаҳо анаъаналаримизни келгуси авлодларга бекаму-кўст етказишга қулай имконият яратди. Бу жараёнда ёши улуғ отахон ва кайвони онахонларимизнинг алоҳида хизматлари бор. Ушбу тадбирда шу ҳақда ҳам сўз юритиб, галдаги вазифаларни бамаслаҳат белгилаб олганимиз айни муддао бўлди. Зеро, азалдан юртимизда ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашни, уларнинг кексаларга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаб, урф-одатларимизга зид ҳаракатлардан қайтаришни ҳам ёши улуғ нуронийларимиз ўз бурчи сифатида эъзозлаб келган.

Давра суҳбатида “Кексалар маслаҳати” гуруҳи, “Нуронийлар жамоатчилик назорати кенгаши”, “Бувижонлар мактаби”нинг вазифалари ҳамда жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб илк марта ўтказилаётган “Обод хонадон“, Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тамойили асосидаги долзарб уч ойликнинг мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашилди. Эҳтиёжманд оилалар хонадонларини тартибга келтириб, таъмирлаш, кўча ва маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

04.jpg

3 520
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА