ЎзА Ўзбек

23.12.2016 16:39 Чоп этиш версияси

Қадриятлар бешиги улуғланди

Қадриятлар бешиги улуғланди Сурхондарёда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари якунланди.

Термиз шаҳридаги 2-мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган танловнинг шаҳар босқичида мамлакатимизда ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

“Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам” шиори остида ўтказилган танловнинг ҳудудий босқичларида 2 минг 848 ўқувчи иштирок этди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими бош мутахассиси Замира Омонова. – Мазкур тадбир билимли, истеъдодли, ўз маҳалласи тарихи ва анъаналарига қизиқувчи ёшларни рағбатлантириш билан бирга, уларда ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Тадбирнинг шаҳар босқичида 5 жамоа баҳслашди. Биринчи ўринни Термиз шаҳар “Жўйжангал” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Педагоглар” жамоаси эгаллади ва вилоят босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринларни “Сурхон соҳили” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Барчиной”, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Нафосат” жамоалари қўлга киритди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 308