ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Қадрдон фильмлар: Ўзимизнинг "Шум бола"

Қадрдон фильмлар: Ўзимизнинг "Шум бола"

Бу фильм 1977 йилда ишланган. Уни ҳамон болалар, катталар мириқиб томоша қиламиз.

Картинада айтилган гаплар тилимизга аллақачон кўчиб улгурган. "Жа-аа, катта ёнғин бўлди. Узоооқ ёнди...", "Ҳалиги... тандирни олдида бироз терлаб кетдим", "Ҳой, мулла Омон, Тошкентдаги бойвачча дўстларингизга сизнинг номингиздан салом айтиб қўяйми-ии?..", "Хўш, иннай кейин-чи?"

Атоқли адиб Ғафур Ғуломнинг "Шум бола" асари асосида суратга олинган бадиий фильм ҳали-ҳануз халқимиз севиб томоша қиладиган картиналардан. Моҳир режиссёр Дамир Салимов томонидан суратга олинган ушбу фильм бошдан охиригача миллий руҳ билан йўғрилган.

Кўнгли тоза, беғубор, самимий Қоравой ҳаётнинг аччиқ-чучуги, бешафқатлиги, катталарнинг маккорлиги боис қув-шум, ҳозиржавоб, ҳар қандай вазиятдан муносиб чиқиб кета оладиган, ори, ғурурини сақлай биладиган йигитчага айланади.

Картинада Воҳид Қодиров, Ҳамза Умаров, Эргаш Каримов, Бахтиёр Ихтиёров, Рихси Иброҳимова, Саъдихон Табибуллаев каби устоз санъаткорлардан иборат профессионал ижрочилар роль ўйнагани, юксак даражадаги режиссёрлик, операторлик иши, барчанинг ўз ишига сидқидилдан ёндашгани фильмнинг ютуқлари сирасидандир. Мазкур картина ҳануз Ўзбекистондан олисларда ҳам севиб томоша қилинади. Томошабинлар фильмни кўриб, Ғафур Ғуломнинг "Шум бола" асарини ахтариб қолиши ҳам бор гап.

Ўзининг айтишича, мазкур картина актёр Абдурайим Абдуваҳобов учун улкан маҳорат мактаби, санъатга кириб келиши учун ўзига хос дебоча вазифасини ўтаган. Бу фильмдан кейин актёр кўплаб картиналарда суратга тушган, театрларда яхши роллар ижро этган бўлса-да, кўпларимизнинг онгимизда у ҳамон ўша қув, самимий, ўзимизнинг "Шум бола"миз тарзида муҳрланиб қолган.

Такрор бўлса ҳам айтайин, гарчи замирида оғир ижтимоий масалалар ётган бўлса-да, содда, жайдари тилдаги ушбу фильм бир лаҳзада, мароқ ва завқ билан кўрилади. Унинг ниҳоясида эса ҳар қандай дийдаси қаттиқ томошабин ҳам қаттиқ таъсирланиши, қалби изтиробга тўлиши, кўзи ёшланиши тайин...

Тўғри, устоз режиссёрларимизнинг болалар, ёшларга оид яхши картиналари йўқ эмас. Уларнинг меҳнати ва ижодини камситмаган ҳолда, яна шуни айтиш мумкинки, фильмни кўрибоқ, болалик, беғуборлик ҳақида шу каби миллий фильмлар яна яратилармикан, деб ўйга ҳам толасиз...

2 894
Назокат УСМОНОВА, ЎзА