Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Адолатнинг катта-кичиги бўлмайди

Президентимизнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси. Қўлида 1,5-2 ёшли қизчаси билан бир аёл кириб келди. Ўзини Диёра Орипова, деб таништирган бу аёл асли зангиоталик. Тошкент шаҳрига келин бўлиб тушган. Турмуш ўртоғи билан уч фарзандни улғайтирмоқда. Рўзғоридан кам-кўсти йўқ. Айтишича, улар Шайхонтоҳур туманидаги Қоратош кўчасида яшайди. Турмуш ўртоғи бу ерда доимий рўйхатда туради. Аёл эса ҳалигача доимий пропискага ўтолмаган.

– Фарзандларим тарбияси билан бўлиб бунга баъзан вақт топилмади, энди энг кичик қизим ҳадемай боғча ёшига етади, олий маълумотлиман, мутахассислигим бўйича ишлаш ниятим бор, – дейди Д.Орипова. – Ҳозир яшаб турган уйимизга доимий прописка қилишларини сўраб тегишли идораларга мурожаат қилдим. Улар рад жавобини беришмади, лекин ишимиз ҳам ҳал бўлмади. Боиси, биз яшаб турган ҳудудда янги қурилиш ишлари амалга оширилиши мумкин экан. Бугун Президентимизнинг Халқ қабулхонасига бу борадаги саволларимга жавоб олиш мақсадида келдим...

Ҳа, Халқ қабулхоналари институти қисқа даврда халқимиз ишончини қозониб улгурди. Халқимиз учун суянч тоғига айланди. Давлатимиз раҳбарининг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган сўзлари бугун мамлакатимиз давлат бошқаруви тизимида қатъий тамойилга, барча даражадаги раҳбарлар фаолиятига баҳо беришда асосий мезонга айланмоқда.

Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси фаолиятида ҳам амин бўлиш мумкин.

2017 йил февраль ойидан иш бошлаган мазкур Халқ қабулхонасида фуқаролар учун барча шароит яратилган. Кутиш зали, ариза ва шикоятлар ёзиш, тиббиёт, она ва бола хоналари замонавий жиҳозланган. Мурожаат этувчилар учун электрон навбат тизими жорий этилган.

Ўтган қисқа даврда Тошкент шаҳри ва пойтахт туманларидаги Халқ қабулхоналарига жами 14 минг 254 нафар фуқаро мурожаат қилган. Мурожаатларни кўриб чиқишда асосий эътибор масалани жойида тезкор ва сифатли ҳал этишга қаратилган.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунгача энг кўп мурожаатлар суд-ҳуқуқ масалаларига оид – 3 минг 500 дан зиёд. Уй-жой масалалари бўйича 2 минг 300 дан кўпроқ, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича эса 2 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Шунингдек, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, қурилиш ва коммунал соҳа масалалари бўйича ҳам мурожаатлар сони 1 минг 800 га яқинлашган. Ёшлар сиёсати, маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоат ташкилотлари масалалари бўйича 510 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган.

Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари иштирокида 234 сайёр қабул ўтказилган. Уларда жами 10 минг 400 дан ортиқ фуқаронинг муаммоларига ечим изланди.

– Фаолиятимизда асосий эътиборни фақат мурожаатларни ҳал қилиш билан кифояланмай, балки улар асосини ташкил этувчи мавжуд муаммоларнинг туб илдизини атрофлича ўрганишга, келгусида бу каби камчиликларни бартараф этиш йўлларини излашга қаратганмиз, – дейди Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Баҳодир Зокиров. – Халқ қабулхонаси фаолиятини бошлаганидан буён ўтган вақт мобайнида таҳлил қилиш учун маълумотлар тўпланди. Уларни тўплаб, тегишли идоралар иш фаолиятларини такомиллаштириш, қолаверса, қонун ижодкорлиги ташаббуси асосида таклифлар киритиш фурсати етди. Шу маънода Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш асосида фуқаролардан тушаётган шикоятлар юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш мақсадида тегишли идораларнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш учун 6 йўналтирув хатлари юборилди. Энг муҳими, мазкур йўналтирув хатларини идораларда муҳокама қилиш жараёнида бевосита Халқ қабулхонаси ходимлари иштирок этиб, ижрочиларга қонун талаблари тушунтириш амалиёти жорий қилинмоқда.

Қайд этиш ўринлики, мурожаатлар ўсиши кузатилаётган соҳалар тизимли таҳлил қилиниб, Халқ қабулхонаси ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал этиш амалиётидан кенгроқ фойдаланиши ўз самарасини бермоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида мурожаатлар сони камайиши кузатилмоқда.

Мурожаатларни кўриб чиқишда раҳбар ва ходимлар масъулиятини ошириш, уларга таъсир чораларини қўллаш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳри ва туманлардаги Халқ қабулхоналари томонидан идораларга юборилган мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 175 шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Чилонзор туманида яшовчи Н.Шеголеванинг ўғли К.Свиридов бахтсиз ҳодиса туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Шифокорлар унга доимий ётишни буюрган. Оддий тўшакда сурункали ётиш оқибатида беморнинг баданига турли яралар тошган. Унинг олдини олиш учун беморга махсус тиббий кроват зарур эди. Улар бу масалада бир неча бор тиббиёт муассасаларига мурожаат этган бўлса-да, муаммо муаммолигача қолган. Н.Шеголева Чилонзор тумани Халқ қабулхонасига мурожаат қилгач, унинг фарзанди тиббий кроват билан таъминланди.

Яна бир мисол: Миробод туманидаги Халқ қабулхонаси жорий йил май ойида тумандаги “Файзиобод” маҳалласида сайёр қабул ўтказганда, фуқаролар маҳалладаги 3-тор кўчада бир неча йилдан буён ичимлик суви йўқлиги, хонадонларга ўрнатилган электр симёғочлар эскириб, авария ҳолатига келиб қолганидан шикоят қилган. Айтилишича, электр симлари шамолда бир-бирига тегиб ёнғин хавфини келтираётган, туман мутасаддилари эса бунга бепарво қараб келаётган экан. Халқ қабулхонаси аралашуви билан ушбу манзилда яшовчи фуқароларни анча вақтдан бери қийнаб келаётган мазкур муаммо тезда ҳал этилиб, хонадонларга ичимлик суви ўтказиб берилди, эскирган симёғочлар янгисига алмаштирилди.

Адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Муаммоси ҳал бўлган инсоннинг руҳияти, кайфияти ҳам буткул ўзгача бўлади. Ўзини елкасидан тоғ ағдарилгандай ҳис қилади, ҳаётида ҳаловат пайдо бўлади.

...Дарвоқе, мақоламиз бошида айтганимиз – Зангиота туманидан пойтахтимизга келин бўлиб тушган Диёра Ориповани Халқ қабулхонасидан ана шундай хурсанд ва шодон кайфиятда чиқиб кетаётганда учратдик.

– Қаранг, неча йилдан бери ўйланиб юрган муаммомиз тезда ҳал бўлди: мутасаддилар пропискамни ўрнатилган тартибда қонуний ҳал қилишга ваъда берди, – дейди у.

Аёл бағридаги жажжи қизалоқ ширин жилмаяди. Она хотиржамлиги унинг беғубор қалбига кўчгандек. Бу ёқимли манзара фонида Президентимизнинг катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган ҳаётбахш сўзлари зарҳал ҳарфларда ял-ял ёниб турарди: «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир».

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 192






Все о погоде - Pogoda.uz