ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Адолатнинг аниқ мезони борми ёхуд жамиятда мувозанатни бузувчи омиллар нима?

Адолатнинг аниқ мезони борми ёхуд жамиятда мувозанатни бузувчи омиллар нима?

Адолат деганда, аввало кўз ўнгимизга ҳар икки палласи тенг бўлиб турган тарози келади. Бу бежиз эмас, албатта. Жамиятда фаровонлик бўлиши учун ундаги ижтимоий муносабатларда ўзаро мувозанат (баланс) бўлиши тақозо этилади.

Илмий таълимотларнинг туб илдизига назар солсак, борлиқ икки буюк қонуният – тартиб ва мувозанат қонуниятлари асосида яратилганлигининг шоҳиди бўламиз.

Борлиқдаги ҳар қандай жараён ўзаро кетма-кетлик ва тартиб билан (мисол учун, кун-тун ва фасллар алмашинуви, суюқликнинг бир шаклдан бошқа шаклга ўтиш жараёни) кечади ҳамда бу жараёнлар борлиқда мувозанат ва мўътадилликни сақлаб туриш учун хизмат қилади.

Инсоният тарихида адолатнинг дастлабки кўриниши жамият аъзолари ўртасида мол-мулкни тўғри тақсимланишида намоён бўлган, яъни мулкий муносабатларда акс этган бўлса, кейинчалик у ижтимоий бошқарув жараёнидаги функциялардан бири ҳамда давлат-ҳуқуқ тизимининг бош тамоили сифатида майдонга чиқади.

Бош қомусимиз – Конституциямизда беш ўринда адолат мезонига алоҳида урғу берилган бўлса, аксарият кодекс ва қонунларимизда одиллик устувор принциплардан бири сифатида эътироф этилади.

Суд-ҳуқуқ тизимининг концептуал асосини ҳам айнан – Адолат мезони ташкил этиб, бежизга ҳам, судлов фаолияти одил судлов деб номланмайди.

Бироқ, афсус билан айтиш лозимки, адолатнинг аниқ таърифи ва унинг қатъий критерийлари ҳеч бир қонунчилигимизда ўз аксини топмайди.

Мазкур ҳолат ўз навбатида, суд-ҳуқуқ тизимида адолатни таъминлашда муайян қийинчиликларни юзага келтиради.

Адолатнинг аниқ мезонлари ҳатто, халқаро стандарт ва меъёрларда ҳам белгилаб берилмаганлиги, мени ҳуқуқшунос сифатида ташвишлантиради.

Назаримда, адолат тушунчасининг моҳиятини кенг очиб беришга интилган ягона таълимот, бу – Ислом дини таълимоти бўлиб, бугунги кунда буни жаҳон ҳамжамиятининг айрим зиёлилари эътироф этади.

Ислом таълимотига кўра, адолат деганда – айбдорни топиб жазолаш эмас, балки мазлумни аниқлаб, уни золим устидан ғолиб бўлишини таъминлаш тушунилади.

Бу ўринда “мазлум” ибораси остида бошқа бир шахс томонидан ҳаққига тажовуз қилинган шахсни, унинг ғолиб бўлиши деганда олиб қўйилган ҳақни ўз эгасига, яъни мазлумга қайтарилишини тушунишимиз тўғри бўлади.

САВОЛ ТУҒИЛАДИ...

Ўз-ўзидан, нима учун Ҳақни ўз эгасига қайтарилиши шу қадар муҳим деган савол туғилади?

Ислом таълимоти нуқтаи назарига кўра, Яратган ўзидаги энг гўзал фазилатлар орасидан бир сифатни барча бандаларига тенг тақсимлади. Бу ҳам бўлса, Ҳақ сифати (ҳуқуқ сўзи арабчада “ҳақ” сўзининг кўпликдаги шаклидир) бўлиб, у инсонни ҳақиқатан мавжудлиги ва берилажак ризқнинг соҳиби, яъни ҳақ эгаси эканлигини англатади.

Шу билан бирга, ислом шариатида иккита кечирилмас жиноят бўлиб, бири – Яратганни инкор қилиш, яъни куфр келтириш бўлса, иккинчиси бандасининг ҳаққини ейиш ҳисобланади.

Нақл қилинадики, банданинг олиб қўйилган ҳаққи то ўзига қайтарилмас экан, бу ҳақ осмон узра муаллақ қолади ҳамда банда мазлум мақомини сақлаб туради.

Бу ҳолат ўз навбатида жамиятдаги ижтимоий муносабатларда мувозанатни бузилганлигини англатиб, имкон қадар бузилган ҳақлар эгасига қайтарилиши ва ҳимояланиши, шу орқали адолат таъминланиши, яъни мувозанат қайта тикланиши эҳтиёжини юзага келтиради.

Шу ўринда, ислом таълимотидан ташқари бўлган яна бир назарияни келтириб ўтсак. У 1968 йилда америкалик машҳур психоаналитик Стивен Карпман томонидан ишлаб чиқилган – “Карпман бурчаги” ёки “Тақдир драмаси” (Drame Triangle) деб номланади.

Ушбу назарияга кўра, мазлум бўлган шахс вақти келиб зулм қилувчи ёки ҳимоячи шахсга айланади, зулм қилувчи эса кейинчалик мазлумга айланиши ёки ҳимоячи ролига кириши муқаррар бўлади. Тушуниб ёки тушунмай мазлумни ёки зулм қилувчини ҳимоя қилишга уринаётган шахсда эса, ўзининг жабрланувчи ёки зулмкорга айланиб қолиши учун барча имкониятлар яратилади.

Карпман назариясининг энг эътиборли жиҳати шуки, ”мазлум”, “зулм қилувчи” ёки “ҳимоячи”лар ўз ҳаётий ролларини хоҳлаб ижро этади ва бундан манфаатдор ҳисобланади. Вазият ўзгарганда эса, бу шахслар ўз манфаатидан келиб чиқиб, ролини ҳам ўзгартиради. Шу тариқа, шахслар ушбу машъум учбурчак доирасида ҳаракатланишда давом этади.

Қандай қилиб дейсизми? Мисол учун, оилада эридан зулм кўрган аёл мазлум бўлгани ҳолда ўзидан ожизроқ фарзандига зўравонлик кўрсатади, яъни шу орқали ўзидан олиб қўйилган ҳақни (кўпинча англамаган ҳолда) компенсация қилишга уринади. Ота фарзандига зулм ўтказмоқчи бўлаётганда эса, ҳимоячи ролига кириб олади.

Бундай қарашда, Карпманнинг ғоялари “ўйинлар назарияси”ни эслатади.

Аммо, Карпман бундай ҳаёт ўйинини қоралайди ҳамда шахслар ҳаётда нормал яшаши учун ўйин оқибатини англаган ҳолда бу ролларни тарк этиши лозимлигини уқтиради.

Мен эса, Карпмандан фарқли равишда инсон соф маънодаги “манфаатдорлик”ни англамаган ёки янглиш англаган ҳолларда “зулм қилувчи” ёки “жабр кўрувчи” бўлиб қолиши мумкин деб ҳисоблайман. Чунки, зулм қилуви ролида ҳам, жабр кўрувчи ролида ҳам ҳеч нарса ютилмайди, аксинча, шахсларнинг ўз-ўзига ва атрофдагиларга бўлган муносабатида мувозанат (гармония) бузилади.

АДОЛАТ СОҲИБЛАРИ КИМ?

Бизнинг жамиятда ҳақиқий адолат соҳибларигина, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг мард ходимлари адо этиши мумкин ва лозим бўлади.

Бугунги кунда, янги Ўзбекистонимизнинг жиноят ва жиноят процессуал қонунчилиги янги лойиҳалари ишлаб чиқилаётган экан, назаримда, жиноят ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда адолатнинг аниқ мезонларини белгилаб қўйилиши, хусусан, энг аввало, жабрланувчининг ҳаққини тўлиқ тикланишига хизмат қиладиган зарарни қоплаш ҳамда компенсация ундириш механизмини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Адолат нафақат жиноят қонунчилигида, балки суд-ҳуқуқ тизимидаги бошқа фаолиятларни амалга ошириш жараёнида ҳам, ҳатто ҳар бир ишимизда керак деб айтишингиз мумкин.

Жиноят, бу – энг катта зулм, инсоннинг ҳақ-ҳуқуқига бўлган оғир тажовуздир.

Яна ҳам теранроқ сўзласак, жиноят, бу – тезкорлик билан адолат ўрнатилиши учун энг кўп эҳтиёж сезадиган, адолат ўрнатилмай қолган тақдирда эса, бошқа қатор ва қатор жиноятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган салбий ижтимоий ҳодисадир. Бу борада одилликдан чекиниш – энг катта Адолатсизликдир.

Бу қарашларни англаб етиш – адолат соҳиблари бўлган прокурорлар ва судьялар, шунингдек, мамлакатимизда адолат тантана қилишини истайдиган барча зиёлиларимиз қалбида шижоатни уйғотишга хизмат қилади.

Г.ТОИРОВА,
Бош прокуратура 
академияси магистранти

1 458
ЎзА