Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2018 18:26 Чоп этиш версияси

Адолатли қайнона – оила кўрки

Адолатли қайнона – оила кўрки “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда жамият негизи – оилалар фаровонлигига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик халқимиз орзу-умидларининг ушалиши, турмуш даражасининг янада яхшиланиши, ўзаро меҳр-оқибатнинг кучайиши ҳамда баркамол авлоднинг улғайишида муҳим асос бўлишини таъкидлади.

Танловнинг қуйи босқичлари маҳалла, туман ва шаҳарларда ўтказилиб, оилада аҳиллик, маънавий муҳит барқарорлиги, ҳаётий тажрибалар борасида бошқаларга ибрат бўлаётган 7000 дан ортиқ адолатли қайноналар иштирок этди. Улардан 200 га яқини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят босқичларида қатнашиб, саралаш босқичида 14 нафар ғолиблар аниқланди.

6.JPG

– Тўрт қиз, бир ўғилнинг онасиман, – дейди танлов иштирокчиси Қизларшой опа Раҳматова. – 35 йилдан буён педагогика соҳасида фаолият юритар эканман, касбим тақозоси билан кўплаб оилалар билан мулоқотда бўлдим. Кузатувларим натижасида шуни англадимки, оилалардаги аксарият можаролар қайнона-келиннинг бир бирини тушунмаслигидан келиб чиқмоқда. Бунинг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, “Адолатли қайнона” кўрик-танлови каби тадбирлар ҳам яхши натижа беради. Хусусан, қайноналарнинг майда гаплар, икир-чикир нарсалардан эътибори чалғиб, мана шундай танловларга қатнашишга муносиб бўлиш, танлов ғолибларига ҳавас қилиб, улардан ўрнак олишга ҳаракат қилади. Натижада элга намуна бўлишга интиладиган қайноналарнинг сони ортишига замин яратилади.

Кўрик-танловнинг тақдирлаш маросимида ғолибларга партия сиёсий кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашдаги роли республикамиздаги барча аёлларга ўрнак ва намуна бўла олиши эътироф этилди.

Тадбирда ёш ижодкор ва санъаткорлар томонидан ижро этилган шеър, куй-қўшиқлар ҳамда бадиий жамоаларнинг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Гулноза Бобоева, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА
5 100