ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Адолат ва қонун устуворлиги судьялар фаолияти асосидир

Адолат ва қонун устуворлиги судьялар фаолияти асосидир

Фарғона вилоятида ҳам судьялар томонидан одил судловни амалга ошириш, жойларда очиқ мулоқотлар ташкил этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар бугун ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир. Бу эса суд ходимларидан жуда катта фидоийлик талаб этади. Хусусан, судьялик улкан ақл-заковат ва кўп йиллик ҳаётий тажрибани, интизом ва покизаликни тақозо қиладиган масъулиятли, мураккаб, шу билан бирга, шарафли касб ҳисобланади. Тўғри-да, модомики одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти судьялар қўлида экан, бу лавозимда фақат ва фақат адолат яловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши ҳаётий заруриятдир.

– Илгарилари суд деса халқимизнинг юзи буришиб, хавотирга тушгани ҳам рост, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Марғилон шаҳар бўлими раиси Қамбарали Мақсудов. – Темир панжара билан ўралган суд биносига кириш ҳам анча мушкул эди. Бугун эса судьялар ҳам халқ билан мулоқотга киришиб, адолат ва қонун устуворлигини таъминламоқда. Шаҳримизда фаолият олиб бораётган судлар судьялари ва суд ходимлари томонидан маҳаллаларда сайёр қабул, учрашув, очиқ мулоқот ҳамда ҳуқуқий тарғибот ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган. Энг муҳими, одамларда суд ҳақида ижобий фикрлар пайдо бўлди. Ташкил этилаётган тадбирлар орқали аҳоли қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиб, ҳуқуқий саводхонлиги ошмоқда.

Бугун халқ орасига кириб бориш, уларнинг дарди билан яшаш, керак бўлса, муаммоларини жойида ҳал этиш ҳар бир давлат хизматчисидан, шу жумладан, судьялардан ҳам катта фидойилик талаб этади. Биргина жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг суд раиси, судья ва суд ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 300 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот ва тушунтиришлар ишлари амалга оширилди. Шунингдек, маҳаллаларда 11 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди.

Эътиборли жиҳати, жиноят ишлари бўйича суди судьялари томонидан 70 дан ортиқ ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилди. Маҳаллаларда, таълим масканлари ва ташкилотларда бўлиб ўтган мазкур сайёр суд мажлисларида жиноят иши атрофлича муҳокама этилиб, жамоатчиликнинг фикри ва муносабати тингланди. Айрим жабрланувчиларнинг оилавий шароити ёки саломатлиги яхши эмаслиги сабабли судга кела олмаганлари учун бевосита яшаш хонадонларига ёки шу жойга яқин бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларига бориб, савол-жавоб қилинди.

– Оқни оққа, қорани қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилиш асосий вазифа ва бурчимиздир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси Мансуржон Ибрагимов. – Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоевнинг коррупцияга қарши курашиш борасида судья ва суд тизими ходимларига қилган мурожаати зиммамизга катта масъулият юкламоқда. Мамлакатимизда инсон – азиз, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадриятдир. Шунинг учун ҳам биз судьялар ва суд ходимлари адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида ҳалоллик, поклик ва холислик билан хизмат қилишимиз даркор.

4 348
М. Сулаймонов, ЎзА