ЎзА Ўзбек

15.08.2018 22:33 Чоп этиш версияси

Адлиянинг эзгу ташаббуси

Адлиянинг эзгу ташаббуси Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “Ҳуқуқий ахборот куни” деб номланган оммавий адлия сайли ўтказилди.

Туман марказидаги “Экопарк” маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари, тадбиркорлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамият тараққиётини янги босқичга кўтариш, жамиятнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Мазкур тадбир ҳам моҳиятан ҳуқуқий ислоҳотлар изчиллиги орқали фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашга қаратилган мақсад ва вазифаларга ҳамоҳангдир, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Х.Собиров. – Мақсад айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий ва тиббий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бандлик ва бошқа ижтимоий дастурлар ижросини таъминлашга кўмаклашишдир.

Тадбирда адлия бошқармаси, давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ бўлимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат хизматлари марказлари, шунингдек, адвокатлар палатаси, давлат идораларининг юридик хизматлари томонидан бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишига мўлжалланган ҳуқуқий маслаҳат бурчаклари ташкил этилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилган кўргазмали воситалар жойлаштирилди. Мазкур бурчакларда адлия ва давлат нотариал идоралари ходимлари томонидан турли ҳуқуқий мавзуларда 200 дан ортиқ фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилди, 400 дан ортиқ буклет тарқатилди. Фуқароларнинг муаммолари юзасидан жойида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 13 нафар фуқаронинг мурожаати туман адлия бўлимининг иш юритувига қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди. 

17.jpg

Тадбир доирасида туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган меҳнат ярмаркасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 90 дан зиёд иш берувчи субъект қатнашиб, 220 та бўш иш ўрни таклиф этди.

– Меҳнат ярмаркасида Наманган шаҳридан 12 корхона ва ташкилот 100 дан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди, – дейди Наманган шаҳар меҳнат бўлими бошлиғи Ж.Отахўжаев. – Жумладан, “Ровустон темир-бетон” МЧЖ 17 бўш иш ўрнига танлов асосида қабул қилиш учун талабгорларни рўйхатга олди.

Ярмаркада 150 га яқин иштирокчи доимий ишга жойлашиш учун йўлланма олди ва 300 дан ортиқ фуқаронинг ишга жойлашиш бўйича мурожаати кўриб чиқилиб, меҳнат қонунчилиги бўйича тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Туман аҳолисининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга қаратилган тадбирлар сайлга байрамона кўтаринки руҳ бағишлади. Жумладан, туманнинг марказий кўчаларида ҳарбий парад ва ҳарбий техникалар намойиш этилди. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ва бошқа ўйинлар, соғлиқни сақлаш муассасаларининг соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилувчи кўргазмалари, спорт-соғломлаштириш, миллий спорт ўйинлари, ОИТСга қарши кураш маркази томонидан мавзуга оид турли буклетлар тарқатилиши иштирокчилар томонидан қизғин кутиб олинди.

– Ҳарбий техникаларни бугун биринчи марта яқиндан кўрдим, – дейди Тўрақўрғон туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Б.Жўраев. – Ҳарбий техника ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари соҳага бўлган қизиқишимни янада кучайтирди.

Тадбирда рус, корейс, тожик, қирғиз миллий маданий марказларининг миллий урф-одат ва анъаналари асосидаги кўргазма ва бадиий чиқишлари, дорбозлар ўйини, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди, маънавий-маърифий йўналишда турли кўрик-танловлар ўтказилди.

4 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинган ушбу тадбир вилоят санъаткорлари иштирокидаги катта концерт дастури билан якунланди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
6 057