ЎзА Ўзбек

11.07.2019 Чоп этиш версияси

Адлия вазирлигида халқаро ташкилот раҳбари билан учрашув

Адлия вазирлигида халқаро ташкилот раҳбари билан учрашув

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари М.Истамов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМ) делегацияси билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида М.Истамов меҳмонларга Адлия вазирлиги фаолияти, унинг вазифа ва функциялари, шунингдек, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан адлия тизимидаги ўзгаришлар хусусида маълумот берди. Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги қарорига мувофиқ вазирлик тузилмасида туман ва шаҳар адлия бўлимлари ташкил топгани қайд этилди. Ушбу чора-тадбирлар вазифа ва функцияларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш, уларни ҳал этиш асосида бириктирилган ҳудудда тегишли соҳа (тармоқ)ни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлашга қаратилган.

Қайд этилишича, Олий Мажлис, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар чоғида туман адлия бўлимларини ҳуқуқий маърифат ва аҳоли билан мулоқот, сайлов комиссиялари аъзолари ўртасида янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қоида ва меъёрларини тушунтириш жараёнига фаол жалб қилиш кўзда тутилган.

Ўз навбатида ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМ сайловлар бўйича департаменти раҳбари А.Шлык эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг режалари, мақсад ва вазифалари хусусида сўзлаб берди. Сайловолди ҳолатни баҳолаш, жумладан сайловларга тайёргарлик кўриш, уларнинг шаклини аниқлашга доир тавсияларни ишлаб чиқиш (сайловларни кузатиш бўйича чекланган ёки тўлиқ миссия) шулар жумласидан.

ДИИҲБ делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, жумладан муҳим сиёсий воқелик ҳисобланган парламент сайловлари арафасида қабул қилинган Сайлов кодексини юксак баҳолади. Улар мутлақо янги шароитларда ўтади. Меҳмонлар сайлов тизимини Ўзбекистондаги сайлов жараёни демократик тамойиллар ва халқаро стандартларга мувофиқ ўтказиш йўли билан янада такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратди. 
Сайлов тизимидаги, хусусан сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар билан боғлиқ янгиликлар бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, томонлар сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масалаларини муҳокама қилди. 

Очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга умид билдиришди.

5 511
ЎзА