ЎзА Ўзбек

25.07.2018 19:38 Чоп этиш версияси

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, ер участкаларини 50 йилгача бўлган узоқ муддатли ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда

Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича вазирлик томонидан ҳар ҳафта “Адлия ахбороти” номли брифинг ўтказиб келинмоқда. Шунга кўра, ушбу ҳафта давомида қабул қилинган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари юзасидан аҳолига маълумот бериш мақсадида 2018 йилнинг 20 июль куни навбатдаги “Адлия ахбороти” брифинги ташкил этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори каби қатор қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Брифингдан сўнг ОАВ учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган мухим янгиликларни тушунтириш учун соҳа мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.

Анжуманда билдирилишиича, қарорга мувофиқ, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 2018 йилда 150 миллиард сўм ажратиш, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратишни назарда тутиш белгиланди.

Шу билан бирга, ОАВ ва кенг жамоатчиликка мамлакатда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, мазкур йўналишда давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда тайёрланган инвестицион муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.

Вазирлик ахборотида айтилишича, лойиҳада инвестор ва тадбиркорлик субъектларини давлат органининг ноқонуний маъмурий актларидан ҳимоялаш механизмлари ўрнатилмоқда.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда қонунийлик ва аниқликни таъминлаш мақсадида, лойиҳада ер участкаларини олиб қўйишнинг аниқ ҳолатлари белгиланмоқда. 
Турар жой ва ишлаб чиқариш объектларини бузиш фақат кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва мулкдорга етказиладиган зарарнинг ўрни қоплангандан кейин амалга оширилиши қайд этилмоқда.

Шу билан бирга, инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилган, хусусан, ер участкаларини 50 йилгача узоқ муддатли ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда.

Тадбир давомида журналистлар фармон лойиҳасида назарда тутилган бошқа янгиликлар ҳусусида ҳам тўлиқ маълумотга эга бўлишди.

Шунингдек, тадбиркорлар Адлия вазирлиги вакилларига мурожаат қилиб, янги инвестиция бўйича қарор лойиҳасига ўзларининг бир қатор таклифларини билдириб ўтишди.

Муҳайё Тошқораева,ЎзА
2 143