ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Адлия вазирлиги: Митингларга оид қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш лозим

Адлия вазирлиги: Митингларга оид қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш лозим

Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Фуқароларнинг митинглари, йиғилишлари ва намойишлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича ўз хулосаларини берди.

Унда лойиҳа бўйича бир қатор таклифлар ва эътирозлар ўрин олган. Хусусан:

“Кўча юришлари” тушунчасига аниқлик киритиш талаби қўйилди.

“Лойиҳанинг 1-моддасида Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ижтимоий фаоллигини митинглари, йиғилишлари ва намойишлар (кейинги ўринларда – йиғилишлар) шаклида амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат деб кўрсатилган. Кўпгина ривожланган хорижий давлатлар қонунчилигида йиғилишлар шакли сифатида пикет ва кўча юришлари ҳам назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 217-моддасида йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик ўрнатилган. Бироқ амалдаги қонунчиликда “кўча юришлари” тушунчаси белгиланмаган. Шунга кўра, қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида лойиҳани “пикет” ва “кўча юришлари” тушунчалари билан тўлдириш ва ушбу қўшимчалар муносабати билан лойиҳани қайта кўриб чиқиш лозим” дейилади вазирлик хулосасида.

Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилинишини таъминлаш керак.

“2-модданинг учинчи қисмида сиёсий партиялар, жамоат ва диний бирлашмалар томонидан митинглар, йиғилишлар ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланиши кўрсатилган. Президентнинг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Шунга кўра, йиғилишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини ушбу лойиҳада акс эттириш лозим” дейилади вазирлик хулосасида.

“Давлат органларини обрўсизлантириш” сўзларини лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.

Яъни вазирлик хулосасига кўра, ушбу сўзлар лойиҳадан қуйидаги асосларга кўра чиқариб ташланиши лозим:

йиғилишларнинг асосий мақсадларидан бири жамоатчилик ва давлат органларининг эътиборини давлат органларининг ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлигига қаратишдир;

давлат органларига нисбатан норозиликни ифодалаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни чеклаш йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқини рад этишга олиб келиши мумкин.

Кўрсатилган сўзлар лойиҳадан чиқариб ташланмаган ҳолда Қонуннинг қабул қилиниши маъносиз бўлади, чунки бунда Қонун номигагина қабул қилинган бўлиб қолади.

Йиғилиш ўтказиш учун рухсатнома олиш муддатини қисқартириш лозим.

Яъни лойиҳада кўрсатилишича йиғилиш ташкилотчиси йиғилиш ўтказилишидан 30 кун олдин йиғилиш ўтказилишига рухсат сўраб маҳаллий ижро этувчи органга ариза тақдим этади.

Вазирлик ушбу муддат қисқартирилиши лозим деб ҳисоблайди. Чунки бу қадар узоқ муддат кутилганда ўтказилиши режалаштирилаётган йиғилиш ўз долзарблигини йўқотади. Таққослаш учун бу муддат Германияда 10 кун, Россияда 3 кундан 10 кунгачани, Қозоғистонда 10 кунни ташкил этади. Шунга кўра вазирлик ариза тақдим этишнинг энг кам муддатини қисқартиришни таклиф этади.

Фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига амал қилиш керак.

Лойиҳадан йиғилиш ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича маҳаллий ижро этувчи органлар томонидан баҳо берилишига оид нормани чиқариб ташлаш лозим, чунки бу ҳолат фуқароларнинг Конституциянинг 33-моддасида белгиланган ҳуқуқларини чеклаши мумкин деб ҳисоблайди вазирлик.

Шунингдек, вазирлик томонидан хорижий давлатларнинг йиғилишлар ўтказишга оид қонунчилиги ўрганилганда маҳаллий ижро этувчи органлар томонидан йиғилишлар ўтказилишининг мақсадга мувофиқлигига баҳо берилишига оид норма аниқланмаганлиги маълум қилинди.

Йиғилишлар ўтказиш фақат аниқ белгилаб қўйилган сабаблар бўлганда тақиқланиши мумкин.

“Лойиҳа 9-моддасининг учинчи қисмидан “бир ёки бир неча манфаатдор органлар ва идоралардан келиб тушган бошқа асосли сабабларга кўра” сўзларини чиқариб ташлаш лозим, чунки 4-модданинг иккинчи қисми мазмунидан келиб чиққан ҳолда конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш, миллий ирқий ёки диний адоват қўзғатиш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида йиғилишлар ўтказиш тақиқланади. Йиғилишлар ўтказишни фақат юқорида кўрсатилган сабабларга кўра тақиқлаш керак деб ҳисоблаймиз” дейилади вазирлик хулосасида.

Йиғилишлар ўтказиш жойи учун чекловларни қайта кўриб чиқиш керак.

Лойиҳанинг 10-моддасини қайта кўриб чиқиш лозим, чунки ушбу модда мазмуни замонавий воқелик ва хорижий тажрибага тўғри келмайди (масалан: хорижий мамлакатларда йиғилишлар агар бино ва иншоотларнинг қулаб тушишига олиб келмаса ёки ушбу оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигига таҳдид туғдирмаса, ҳар қандай қулай жойда ўтказилиши мумкин (АҚШ, Белгия, Россия ва бошқа.).

Баъзи хорижий мамлакатлатларда оммавий тадбирлар ўтказиладиган жой учун чекловлар мавжуд. (Масалан, темир йўл, сув ва ҳаво транспорти яқинидаги ҳудудлар, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш объектлари, электростанциялар, соғлиқни сақлаш объектлари, таълим муассасалари, давлатнинг мудофаа ва хавфсизлигини таъминловчи ташкилотлар яқинида тадбир ўтказиш мумкин эмас).

Бундан ташқари лойиҳанинг ушбу моддасида кўрсатилган объектлардан 500 метр масофада йиғилишлар ўтказиш шаҳарлар ва туманлар урбанизациясининг ҳозирги темпида етарлича мураккаб ҳисобланади.

Йиғилишлар ўтказиш вақтини қайта кўриб чиқиш керак.

“Лойиҳа 11-моддасини қайта кўриб чиқиш лозим, чунки ушбу моддада кўрсатилган вақт ушбу вақтда ўтказиладиган йиғилишларда ишловчи ва ўқийдиган фуқаролар иштирокини қийинлаштириб, жамиятда норозичилик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари иш куни бўлмаган ва байрам кунларида йиғилишлар ўтказиш имкониятини назарда тутиш лозим” дейилади вазирлик хулосасида.

6 724
ЎзА