ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Адлия вазирлиги аралашуви билан тадбиркорга 247 миллиард сўм қўшимча солиқ солинмади

Адлия вазирлиги аралашуви билан тадбиркорга 247 миллиард сўм қўшимча солиқ солинмади

Юртимизда солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Бироқ, тадбиркорлардан асоссиз солиқ ҳисоблаш ҳолатлари учраб турибди. Бу тадбиркорлик субъектларининг Адлия вазирлигига йўллаган мурожаатларини ўрганиб чиқиш давомида аниқланмоқда.

Жумладан, “Talimarjon issiqlik elektr stansiyasi” акциядорлик жамиятининг давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб этилмайдиган кўчар мулклар тоифасига кирувчи мол-мулкларига нисбатан асоссиз қўшимча мол-мулк солиғи ҳисоблаш ҳақидаги қарор қабул қилинган.

Натижада жамиятга 2017-2019 йиллар учун жами 247,5 миллиард сўм миқдорида асоссиз мол-мулк солиғи ҳисобланган.

Мазкур ҳолат юзасидан вазирлик томонидан Давлат солиқ қўмитасига тақдимнома киритилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳам қонунчиликни бир хилда қўллаш ва ягона амалиёт бўлишидан манфаатдор эканлигини баён этиб, қўшимча мол-мулк солиғи ҳисоблаш тўғрисидаги ушбу асоссиз қарорни дарҳол бекор қилди ҳамда айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишини таъминлади.


1 632
ЎзА