Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 13:33 Чоп этиш версияси

Адлия болалар ҳуқуқи ҳимоячиси

Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Менинг ҳуқуқим – бахтли болалигим” шиори остида бир қатор тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Жумладан, Конимех туман адлия бўлими томонидан ҳудуддаги “Олтин калитча” мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ўртасида расмлар кўрик танлови ташкил этилди. Танловда муносиб иштирок этиб, ғолиб бўлган болажонларга туман адлия ходимлари томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.

Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан Навбаҳор туманида ҳам тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Туман адлия бўлими ходимлари томонидан Қизил Ярим Ой Жамияти Навбаҳор туман бўлинмаси билан ҳамкорликда вилоят сил касалликлари шифохонасида даволанаётган болажонлар учун ҳуқуқий байрамона тадбир ташкил этилди. Тадбирда болаларга ҳуқуқшуносликка оид қизиқарли саволлар берилди ҳамда фаол иштирок этган болаларга эсдалик совғалари топширилди.

Шу куни вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан Навоий шаҳридаги умумтаълим мактабларида таълим олувчи ўқувчилар ўртасида “Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият” мавзусида иншолар танлови ташкил этилди. Мазкур танловда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга бошқарма томонидан китоблар, “Фахрий ёрлиқ” ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.

Болажонлар учун ташкил этилаётган тадбирлар байрамона тус олиб вилоятдаги барча шаҳар ва туманлардаги истироҳат боғларда кўплаб қизиқарли тадбирлар ташкил этилди. Адлия бошқармаси ходимлари томонидан Навоий шаҳридаги истироҳат боғида юздан ортиқ болажонлар учун ҳуқуқий викториналар, савол-жавоблар ва бошқа қизиқарли ўйинлар ташкил қилиниб, уларга турли хилдаги китоб, ўқув қуроллари ва бошқа совғалар топширилди. Шунингдек, шаҳардаги кам таъминланган оилалар истиқомат қилувчи ётоқхоналарга борилиб, у ердаги болажонларга ҳуқуқий китоблар ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирлар давомида 500 дан ортиқ китоб, 1000 дан ортиқ ўқув қуроллари ва 600 дан ортиқ бошқа совғалар болажонларга тарқатилди. Туман адлия бўлимлари томонидан 50 дан ортиқ имконияти чекланган ҳамда ногирон болаларнинг ҳолидан хабар олинди ҳамда уларга эсдалик совғалари топширилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
8 871