Ҳадис илми мактабида ўқиш бошланди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ҳадис илми мактабида илк ўқув йили бошланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ҳадис илми мактабида илк ўқув йили бошланди.
Янги муассасада таълим жараёнлари бошланиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи С.Шерхонов, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Минаваров ва бошқалар Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Мазкур олий диний таълим муассасаси Ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилиши қайд этилди. Энг муҳими, мактаб олдига “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида муросасизлик, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига илм-маърифат, юксак одоб-ахлоқ билан қарши туришдек катта вазифалар қўйилган.
Жорий йилнинг 11 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан танишиб, бу ерда ўқиш ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Буюк аждодларимиз асос солган ҳадис илми мактаби фаолиятининг ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган давлатимиз раҳбари мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасалари иқтидорли битирувчилари саралаб олиниши кераклигини қайд этган эди. Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.
Жорий йилнинг 9-10 июль кунлари Ҳадис илми мактабига қабул имтиҳонлари ўтказилиб, 100 нафарга яқин талабгорлар орасидан 12 нафар иқтидорли ёшлар сараланиб олинди. Улар янги таълим муассасасининг илк тингловчилари сифатида бугундан ўқишни бошлади.